... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Миллионларнинг ёcтиғини қуритган иккинчи жаҳон уруши


10:40, 09.05.2018 Олам
 14 484

Уруш бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин эди. Шундан 1,5 миллион киши урушга сафарбар қилинган. Уларнинг 500 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган.

Олмония,  Италия ва Япониянинг айби билан бошланган жаҳон тарихидаги энг йирик уруш ХХ аср  фожиаси сифатида инсоният тарихига кирди.  Бу урушнинг келиб чиқишида асосий ролни фашистлар Олмонияси ўйнади.  Ғарб мамлакатлари (Англия,  Франция,  АҚШ) ҳукмрон доираларининг “келиштириш” сиёсати Австрияни (1939 йил март),  Чехословакияни (1939 ййил март) Олмонияга қўшиб олинишига ва Мюнхен битимига (1939 йил  сентябрь) йўл очиб берди. Иккинчи жаҳон урушининг бошланишида СССРнинг ҳам айби бор.  1939 йил  23 августда СССР билан Олмония ўртасида 10 йил муддатга ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзоланди. Бу шартноманинг махфий қўшимча аҳдномасига мувофиқ, Олмония ва СССР Шарқий Европада ўзларининг таъсир доираларини бўлиб олдилар. Ҳар икки мамлакат манфаатлари, аввало, Польша давлати билан боғлиқ эди.  Совет томони Ғарбий Украина,  Ғарбий Белоруссия ва Бессарабия (1921 йилда бой берилган) ҳудудларини қайтариб олмоқчи эди. Шунингдек,  Олмония Болтиқбўйи мамлакатларига даъво қилишдан ҳам воз кечди.

1941 йил 30 июнда Давлат мудофаа қўмитаси (ДМҚ) тузилди. Унинг раиси И.В.Сталин 8 августда СССР Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони лавозимини эгаллади. Урушнинг дастлабки кунлари мамлакатнинг барча иқтисодий маънавий кучларини зудлик билан мудофаа манфаатларига бўйсундириш, халқ хўжалигини тўлиқ ҳарбий изга солиш лозимлиги хусусида қарорлар,  кўрсатмалар қабул қилинди.
 


Уруш даврининг мусибатларини ўз бошидан кечирган кишиларнинг хотираларидан маълум бўлишича, одамлар ўша вақтда совет режимини ҳимоя қилиш зарурияти ҳақида кам ўйлар эдилар. Халқнинг аксарият қисми мус-табид тузумни қораларди.  Чунки,  халқнинг хотирасидан ҳали Туркистон Мухториятининг қонга беланганлиги,  истиқлолчилик ҳаракатининг зўравонлик билан бостирилиши, диний эътиқод учун таъқиб қилишлар эсдан чиқмаганди. Жамоалаштиришнинг сталинча зўравонлик билан амалга оширилиши натижасида юз берган жиноятлар хотирадан кўтарилмаган эди. Мустабид тузумнинг оммавий қатағонларидан қолган яралар ҳали битмаганди.  Бирок, ўзбек халқининг фашизмга бўлган нафрати мустабид тузум етказган ғам-аламни орқа ўринга суриб қўйди ва у душманга қарши отланди. Шунингдек,  мустабид тузумнинг “мафкура машинаси” ҳам бенуқсон ишлади – у СССР таркибидаги барча мустамлака халқларни фашизмга қарши курашга сафарбар қила олди. Ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушидаги иштирокининг ахлоқий-маънавий жиҳатдан асоси шундаки, бу урушда ўзбек халқи фашизмдан фақат СССРнигина эмас, энг аввало, Ўзбекистонни ҳимоя қилишни, уни яна бир босқинчидан саклаб қолишни мақсад қилиб қўйган эди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, уруш бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин эди. Шундан 1,5 миллион киши урушга сафарбар қилинган. Уларнинг 500 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. Иккинчи жаҳон уруши қанчадан-қанча талофатлар, йўқотишлар, иқтисодий танглик олиб келгани етмагандек, минглаб ёш йигитлар, билаги кучга тўлган эркакларнинг ёстиғини қуритган.
 


Совет-олмон уруши бошланғич даврининг энг мураккаб вазифаларидан бири иқтисодиётни ҳарбий изга солиш эди. Бу масъулиятли вазифани СССРнинг қарийб 40 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган, кўмирнинг 63 фоизи қазиб олинадиган, пўлатнинг 50 фоизи ишлаб чиқариладиган,  доннинг 38 фоизи етиштириладиган, айниқса, кўпгина мудофаа корхоналари жойлашган ҳудудни фашистлар босиб олган бир пайтда ҳал қилиш керак эди. Фронт яқинидаги ҳудудлардан мамлакат ичкарисига кўчирилаётган аҳоли, саноат корхоналари, ўқув-юртлари ва бошқаларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга юборилди.  Чунончи, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга эвакуация қилинган 308 саноат корхонасининг 104 таси (“Лен-текстильмаш”, “Ростсельмаш”, “Красный Аксай”, Москвадаги “Электрокабель” ва “Подъемник”, Чкалов номидаги авиация заводи, “Красный путь”, Киев “Транс-сигнал" заводлари, Сталинград кимё комбинати ва бошқалар), 30 дан ортиқ ҳарбий госпитал,  ҳарбий артиллерия (тўпчи) академия, бир неча ҳарбий билим юртлари кўчиб келди.
 


Россия ҳудудидан турли миллатга мансуб 200 га яқин ёзувчи ва шоирлар (А.Ахматова, А.Толстой, В.Ян, М.Чагинян) Тошкентга кўчиб келиб, шу ерда ижод қилдилар. Россия, Украина ва Белоруссиянинг фашистлар босиб олган ҳудудларидан 1 миллиондан ортиқ киши, жумладан 200 минг бола Ўзбекистонга эвакуация қилиниб, уларга 135 минг кв метр ҳажмда уй-жой ажратиб берилди. Кўпгина ўзбек оилалари иккита ва ундан ортиқ етим болаларни (Ш.Шомаҳмудовлар оиласи – 14,  Ҳ. Самадовлар оиласи – 12, М.Жўраева ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 тадан) ўз тарбияларига олдилар. 1943 йил охирига келиб шаҳарларда 4672 бола, қишлокларда эса 870 бола ўзбек оилалари томонидан тарбияга олиниб, уларга хақиқий инсонпарварлик ва меҳр-шафқат намунаси кўрсатилди.



Ўзбекистонга кўчириб келтирилган саноат корхоналари ниҳоятда қисқа муддатда ишга туширилди. 1941 йил декабрда эвакуация қилинган корхоналарнинг қарийб 50 таси, 1942 йил 1 январда эса барчаси қайта қурилиб тўла қувват билан маҳсулот бера бошлади. Бу ҳарбий корхоналарни ишга туширишга шаҳарликлардан ташқари қарийб 500 минг колхозчи деҳқонлар жалб қилинди. Корхоналарни ҳарбий изга ўтказиш ҳарбий коммунистик усулда амалга оширилди: 1941 йил  26 июндан бошлаб мамлакатда ишчилар ва хизматчилар учун ишдан ташқари вақтда мажбурий ишлаб бериш, катта ёшдагилар учун ҳафтада 6 кунлик иш жорий этилди, иш вақти 11 соатгача узайтирилди, таътилга чиқиш бекор қилинди. Идора хизматчилари, уй бекалари, ўқувчилар ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Агар 1940 йилда саноат ишчилари орасида хотин-қизлар салмоғи 34 фоизни ташкил қилган бўлса,  1942 йилда бу кўрсаткич 63,5 фоизга етди. Меҳнат интизомини бузганлар учун жазо чоралари кескин қўйилди. Корхоналардан ўзбошимчалик билан кетиб қолганлар 5 йилдан 8 йилгача муддатга қамоққа ҳукм қилинди. 1941 йил декабрда Ўзбекистон саноат корхоналаридан 230 таси (биргина Тошкентда 63 корхона) ҳарбий изга кўчирилиб, фронт учун қурол-яроғ ишлаб чиқаришга киришди.
 
Ўзбекистонда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноатнинг ўсиши ва ривожланиши билан бирга хом ашё ва ёқилғи-энергетика базасини кенгайтириш вазифаси ҳам кескин бўлиб турди. Айниқса, рангли металларга, нефть ва кўмирга бўлган эҳтиёж кучайди. 1942 йилда Лангар молибден кони заминида молибден фибрикаси барпо этилди. Қўйтош ва Қоратепа рангли металлар конининг қуввати кескин оширилди. Олмалиқда мис ва бошқа рангли металларнинг бой конлари топилди. Ангрен кўмир кони республиканинг биринчи кўмир марказига айланди.  1942 йил бошларида л-Оқтепа ва З-Оққовоқ ГЭСлари,  шунингдек, Фарҳод ГЭС умумхалқ ҳашари билан бунёд этилиши республикада фронт эҳтиёжлари учун ишлаётган саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлашда муҳим роль ўйнади.
 
Ўзбекистонда уруш йилларида 280 та янги корхона барпо этилди. Республиканинг саноат потенсиали 1945 йилга келиб 1940 йилдагига нисбатан деярли 2 баробар кўпайди, нефть казиб олиш 4 баробардан зиёд, металл ишлаш тармоқлари маҳсулотлари 4,8 баробар, машинасозлик маҳсулотлари 13,4 баробар, кўмир қазиб чиқариш 30 баробардан кўпроқ, пўлат ва прокат эритиш 2 баробар, электр энергияси ишлаб чиқариш  2,42 марта ортди. Бунинг натижасида Ўзбекистон уруш йилларида фронт учун 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 2318 минг дона авиабомба, 17100 та миномёт, 4500 бирликдан иборат миналарни йўқ қилувчи қурол, 60 мингга яқин ҳарбий-кимёвий аппаратура, 22 млн  дона мина ва 560 минг дона снаряд, 1 млн дона граната, дала радиостанциялари учун 3 млн радио лампа, 330 мингга парашют, 18 та ҳарбий-санитария ва ҳаммом кир ювиш поезди, 2200 та кўчма ошхона ва кўпгина ҳарбий анжомлар етказиб бериш имконига эга бўлди. Республика енгил саноат комиссарлиги корхоналари 1941-45 йиллар мобайнида жангчилар учун 7518,8 мингта гимнастёрка, 2636,7 мингта пахтали нимча, 2861,5 мингта армия этиги тайёрлаб берди.
 
Иккинчи жаҳон уруши  йилларида фашизмга қарши қўлга қурол олиб жанг қилган ўзбекистонлик жангчиларнинг умумий таркибидан 263.000 дан зиёд киши ҳалок бўлди,  132.670 киши бедарак йўқолди, 60.452 ватандошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтди. Шунингдек, ўн минглаб ўзбекистонлик жангчилар асирликда бўлди. Мустабид тузум улар билан “очикчасига” гаплашди. Демак,  фронтга сафарбар қилинганларнинг ҳар учтасидан биттаси уйига кайтмади. Умуман, СССР буйича уруш даврида фашистлар қўлида 6,2 млн  киши асирликда бўлган. Уруш охирига келиб улардан 4 млн  киши ҳалок бўлди. Омон қолган асирлар сони 1 миллиондан сал кўпроқ эди.  Улардан 60 фоиздан кўпроғи ГУЛАГ қамоқхоналарига ташланди. Айбсиз сургун қилиниб, совет концлагерларига жўнатилган ёки отиб ташланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам оз эмасди.  Тахминий ҳисобларга қараганда, ўзбекистонлик ҳарбий асирлардан 15 мингдан ортиғи совет концлагерларига юборилган. Иккинчи жаҳон урушидаги бу ғалаба миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг, жумладан,  Ўзбекистон халқининг қони, ҳаддан зиёд машаққатли меҳнати ва унинг буюк инсонпарварлиги туфайли қўлга киритилди.
 
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримовнинг фармони билан 35 жилдли Хотира китоби тайёрланиб, нашр қилинди. Пойтахт Тошкентдаги Мустақиллик майдонида, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида ва барча вилоятлар марказларида Хотира майдони барпо этилди. 9 май – ғалаба куни юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида ҳар йили нишонланадиган бўлди.

Теглар:Иккинчи жаҳон уруши 9 май Хотира ва қадрлаш куни 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

DVStudio
15:29 09.05.2016

Ma'qolaga gap yo'q!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!