“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас”. Кушербоев ИИВ вакили изоҳидан шокка тушди

Жамият

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ўғриликда гумон қилиниб қўлга олинган фуқаро ИИБга олиб кетилгани ва идорадан унинг жасади чиққани ҳақида хабар берган эдик.

Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик орасида кенг шов-шувга сабаб бўлган ушбу воқе юзасидан расмий маълумот беришга шошмади. Ва ниҳоят, кеча, 30 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБда шу ҳодисага бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда ИИВ Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов ҳодисага шундай муносабат билдирди:

“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади. Чироқчидаги воқеадан сўнг ҳам эртаси куниёқ ИИВ вакиллари етиб келган. Текшириш бошланган. Олдиндан текширмасдан туриб баҳолашга ҳаққимиз йўқ. Одам айбдорлигини фақат суд белгилайди”.

Ушбу муносабатнинг ўзи ҳам алоҳида муносабат ва изоҳ талаб қилади. Ғиёсовнинг изоҳидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев шокка тушганини яшириб ўтирмади.

“Бугун мен учун ҳаммасидан ҳам ғалати ва шок хабар ички ишлар вазири матбуот котибининг қуйидаги гаплари бўлди:

“ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади”.(Ҳар қалай контекстдан бузиб узиб олинмади)

Бу иқрорликми ё хатолик?

ИИБ биносида ҳам барча ишхоналарда бўлиши мумкин бўлган ҳолат, яъни шу ерда ишлаётган ходимнинггина бетоблиги учун фавқулодда тоби қочиб иш жойида ўлиб қолишини табиий қабул қилиш мумкин, холос. Бошқаларнинг у ерда ўз жонига қасд қилиши, тоби қочиши ёки ўлиб қолиши табиий ходиса бўлиши мумкин эмас. Буни табиий қабул қилиш тоқат қилиб бўлмас вазият”, дейди депутат.

Кушербоев бундай баёнотлар бошқа савол ва шубҳаларни келтириб чиқаришини ҳам айтиб ўтган.

“Бундай баёнотлар ё ўйлаб берилсин, ё берилгандан кейин уйғонадиган шубҳаларни изоҳлашга тайёр турилсин. Бўлмаса ўша гап...”, деб якунлаган парламентарий.

Маълумот учун, мол ўғрилигида гумон қилиниб, ИИБга олиб кетилган фуқаро 32 ёшда бўлган. У идорада калтакланаши оқибатида вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Чироқчи воқеаси

Баҳолаганлар

594

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг