Меҳнат ва Уй-жой кодексларига ўзгартириш киритилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Уй-жой кодексларига ўзгартириш киритиш режалаштириляпти. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида тегишли Қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 161-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 63-моддасининг учинчи хатбошисидаги “маҳаллий давлат ҳокимияти органи” деган сўзлар “аҳоли бандлигига кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари” деган сўзлар билан алмаштирилади.

63-модда ҳозирда қуйидагича таҳрирда баён қилинган:

Мақбул келадиган деб ҳисобланмайдиган иш

Агар:

иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;

таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатдан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатдан қулайлиги (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқлиги) мазкур жойдаги жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлиги ҳисобга олинган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан белгиланади;

таклиф этилган ишни рад этиш ишсиз шахснинг соғлиғи ҳолатига, унинг ёшига ва бошқа узрли сабабларга кўра мавжуд монеликларга асосланган бўлса, бундай иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган 713-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 15-моддасидаги (Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш) “туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан” деган сўзлар “туманлар (шаҳарлар) қурилиш бўлимларининг рухсатномасига биноан” деган сўзлар билан алмаштирилади.

15-модданинг амалдаги таҳририга кўра, яшаш учун яроқли бўлган турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда, турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш мулкдорнинг ёки у ваколат берган органнинг (шахснинг) аризасига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Меҳнат кодекси Уй-жой кодекси

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг