Ўзбекистонда ер бўйича қонунчиликни бузганларга жавобгарлик кучайтирилди

Жамият

image

“Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди. 

Қонун билан Жиноят кодекси бир қатор янги нормалар билан тўлдирилди.

Хусусан, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик, шу қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан (20 млн 273 минг) 150 бараваригача (30 млн 409 минг 500 сўм) жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида ер бериш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди, ушбу жиноят учун энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан (30 млн 409 минг 500 сўм) 300 бараваригача (60 млн 819 минг сўм) жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаганлик учун фуқароларга 202 минг 730 сўмдан 608 минг 190 сўмгача, мансабдор шахсларга 608 минг 190 сўмдан 1 млн 13 минг сўмгача жарима ундирилишига оид норма киритилди.

Ер кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига ҳам ер участкалари берилиши белгиланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ер кодекси

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг