Мактабларга қабул бошланди. Бу йил жараён аввалгиларидан бошқача бўлади

Жамият

image

Бугун, 20 июнь куни Ўзбекистон умумий ўрта таълим муассасаларига қабул жараёни бошланди. Бу йил 1-синфга қабул икки йўл билан амалга оширилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Тошкент шаҳридаги 81 та талаб юқори мактабларда 1-синфга қабул жараёни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Мактаблар рўйхати қуйида келтирилган.

Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга қолган 9610 та мактабда қабул жараёни таълим муассасасининг ўзида бўлиб ўтади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига кўра, умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида амалга оширилади ҳамда мактаб ёшидаги боланинг тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилиниши белгиланган.

Мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан ўз ҳудуди (микроҳудуди)даги мактабга қуйидаги ҳужжатлар топширилиши лозим:

– ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза; 

– ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);

– боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

– боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

– боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

Қабул жараёни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган Тошкентдаги 81 та талаб юқори мактаб рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб қабул

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг