Мирзиёев: “Фарғонада яшовчи аёл Умрадан қайтиб, 120 кишилик маросим ўтказган”

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясининг мамлакатга тарқалиши бўйича йиғилиш ўтказгани ва халққа мурожаат йўллагани ҳақида хабар берган эдик.

Давлат раҳбари мурожаати давомида жойларда масъулларнинг кўз олдида одамларни йиғиб, дабдабали маросимлар ўтказиш давом этаётганига урғу берди.

“Вилоят, шаҳар ва туман, 4 та сектор раҳбарларининг эпидемиологик осойишталик учун шахсий жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантираман. Сизлар коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, карантин режимини бузишнинг барча салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш бўйича туну кун ишлашингиз шарт.

Маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам кўп эътирозларим бор. Жойларда маҳалла фаолларининг роли умуман сезилмаяпти. Маҳалла раисларининг кўз олдида айрим фуқаролар кўп одамларни йиғиб, дабдабали маросим ва тадбирларни ўтказишни давом эттирмоқда.

Мисол учун, Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Беруний маҳалласида яшовчи аёл Умрадан қайтиб келиб, уйда карантинда бўлиш талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни 120 нафар кишини чақириб, дабдабали маросим ўтказган. Оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтиргани аниқланди. Яна қанча одам касаллангани ҳали номаълум.

Шу боис карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисида парламентимиз қабул қилган қонунни имзоладим. Ушбу қонунга асосан, бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини қатъий таъминлаши шарт”, деди Шавкат Мирзиёев.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 65 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев коронавирус

Баҳолаганлар

310

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг