Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига Президент табриги

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун, 27 июнь куни Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланмоқда.

Байрам муносабати билан Тошкент шаҳридаги Ўзбек Миллий академик драма театрида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини йўллади.

Тадбирда ушбу табрикни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Қуйида Президент табригининг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

“Қадрли дўстлар! Аввало сизни касб байрамларингиз - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Барчага яхши маълумки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши ҳамма томонлама ҳам оғир ва масъулиятлидир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда бу масъулият янада кучаймоқда.

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани алоҳида эътиборлидир. Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самараларини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар мутасаддилар замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашига тўғри келади. Ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар, танқиддан қўрқмай, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси деб билади. Аслида бундай мулоқот, тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.

Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур. Ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун доирасида бўлиши, шахсий хусуматга, сохта обрў орттириш воситасига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиамайдонимизда ўрин бўлмаслиги керак.

Ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчадан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда. Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятни мустаҳкамлаш, миллий матбуотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна масалаларида бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича кўп ишлашимиз керак.

Ўз навбатида биз оммавий ахборот воситаларининг эркинликларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш борасида олиб бораётган ишларимизни ҳам изчил давом эттирамиз”.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Президент табриги

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг