Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Жамият

image

Бугун, 14 март куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банкнинг тегишли пресс-релизида маълум қилинди.

“Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасайиб, февраль ойида 8,3 фоизни ташкил этган. Бироқ, сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилган. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолмоқда.

“Жорий йил охирига инфляция 8-9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда”, дейилади МБ баёнотида.

Дастлабки маълумотларга кўра, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилнинг январь-февраль ойларига нисбатан юқори суръатларда ўсган. Шунингдек, айрим тармоқларда, хусусан йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикасининг сустлашиши қисқа муддатли истиқболда ички бозорда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босимни яратиши мумкин.

Билдирилишича, Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган изчил пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблигига, инфляцион кутилмаларга ва тартибга солинадиган нархларнинг ўзгариш динамикасига алоҳида эътибор қаратилади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 апрелга белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк асосий ставка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг