Бу тизим талабанинг ректор, проректор ва декан жанобларига лаганбардорлигини келтириб чиқаради
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
9250Мамлакатимизда кўпгина соҳалар каби олий таълим тизими ҳам жиддий ислоҳ қилинмоқда. Ҳозирги кунда олий таълимга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Инновацион фикрлайдиган талаба ёшларни тарбиялаш борган сайин муҳим стратегик вазифага айланмоқда.
Олий таълим муассасалари ва уларга қабул қилинувчи талабалар сони ҳам тобора ошмоқда. Айниқса, қабул квоталарининг салкам икки бараварга (2015 йилдаги 58 мингдан 2019 йилда 102минггача) оширилиши олий маълумотли бўлиш илинжидаги ёшларнинг хоҳиш–истакларини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Бу каби сон ўзгаришлари, ўз навбатида, келгусида сифат ўзгаришлари учун қулай замин яратмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тизимда эскилик сарқитларини бартараф этишга қаратилган кўпдан-кўп ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аммо, бугунги шиддаткор замонда буларнинг ўзи етарли эмаслигини тизимда ҳали–ҳануз қатор муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам кўрсатиб турибти ва бизни ташвишга солмасдан қўймайди. Тўғри, ушбу бир қисм муаммоларнинг ечими ОТМнинг моддий таъминоти, яъни молиявий ресурслар билан изоҳланади. Бироқ аксарият муаммолар ва уларнинг ечими инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаётганлиги таажжублидир.
Энди бугунги кунда тизимда ҳал этилмаган асосий муаммолар хусусида. Аксарият профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди, уларнинг аксарияти ўз устида ишламайди ва қотиб қолган. Профессор-ўқитувчилар учун ташкил қилинган малака ошириш курслари самарасиз ва уларда дарс бераётган профессура савияси паст. Ўз номи билан қайта тайёрлов курслари бўлсада, улардан ўтган профессор–ўқитувчилар билим даражаси деярли ўзгармаяпти.
Қатор ОТМда коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Кириш имтиҳонларида (айниқса, ижодий имтиҳонлар, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун ўтказиладиган имтиҳонларда) таниш–билишчилик, коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Аксарият ОТМда жамоатчилик назорати ўрнатилмаган, ОТМ қошидаги Жамоатчилик кенгашлари номигагина тузилган ва амалда фаолият юритмайди.
Яна бир долзарб масала – магистратуранинг ҳамон эски тизимда қолаётганлиги, ижобий ўзгаришларнинг деярли йўқлиги, магистарурага кириш имтиҳонлари билан Давлат тест маркази эмас, балки ОТМнинг ўзи шуғулланаётганлиги ва шу боис, турли қаллобликлар, коррупциоген ҳолатларнинг сақланиб қолаётганидир.
Бу каби муаммоларнинг мавжудлиги албата, тизимдаги ислоҳотларнинг натижадорлигини шубҳа остига қўймоқда.
Бу борада конкрет фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, турли негатив тенденцияларга дуч келишимиз мумкин. Чунончи, сўнгги пайтларда талабаларни дарс ҳисобига турли–туман маънавий–маърифий ва ижтимоий–сиёсий тадбирларга жалб қилиш каби ҳолатлар авж олмоқда. Масалан, 2019 йил 13 сентябрь куни Тошкент Давлат архитектура ва қурилиш институти талабалари белгиланган ўқув режа асосида аудиторияда дарс ўтиш ўрнига Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ва унинг депутатлари иштирокидаги тарғибот тадбирига жалб қилинган. Ажабланарли томони шундаки, ўша куни ихтисослик ва “Ўзбекистон тарихи” ўқув предметидан маърузалар эшитиш ўрнига талабалар Экологик партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари тўғрисидаги тақдимот маросимида иштирок этишган.
Тез орада мамлакатимизда вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, бундай нохуш ҳолатларнинг кўпайиб боришини тахмин қилиш мумкин. Олий таълим мутасаддилари бунга зудлик билан чек қўйишлари лозим.
Жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган яна бир масала бу контракт тўловлари миқдори ва талабалар стипендияси масаласидир. Маълумки, контракт нархлари иш ҳақига боғлаб қўйилган бўлиб, иш ҳақи миқдори ҳар ошганда контрактлар ҳам шунга мутаносиб равишда ошиши белгилаб қўйилган эди. 1 августдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ иш ҳақи миқдори 10%га оширилди. Контракт тўловлари ҳам шунга мувофиқ 10%га оширилиши керак эди. Бироқ амалда бундай бўлмади. Турли важлар баҳонасида контракт тўловлари асоссиз равишда таълим йўналишларига қараб, 15%дан 23%гача оширилди.
Мутасаддилар ўйлаб кўрмадиларми, шундоқ ҳам контракт тўловларини амалга оширишга қийналаётган оилаларга буни қандай тушунтиришимиз мумкин? Биз депутатлар энди ота-оналарнинг кўзига қандай қараймиз?
Шу каби вазиятни стипендиялар масаласида ҳам кузатишимиз мумкин. Янги ўқув йилидан бошлаб, давлат гранти ва тўлов контракти асосида ўқийдиган барча талабалар учун стипендия миқдори бир хил, яъни 400 минг сўм этиб белгиланди. Стипендиялар миқдорининг талаба олган баҳога нисбатан дифференцияси, яъни, “ўрта”, “яхши”, “аъло” баҳолар учун стипендия бекор қилинди. Бунинг ўрнига фаол, аълочи, жамоатчи талабалар учун ОТМ ректорлари томонидан стипендиянинг 50%игача, яъни 200 минг сўмгача мукофот пули жорий қилинадиган бўлди.
Буни қандай тушуниш мумкин? Жорий қилинаётган ушбу тизим қанчалик адолатли?! Олий таълим мутассадиларининг мазкур “инновацияси” “5” баҳо олишга астойдил интилаётган аълочи талабаларнинг шаштини сўндириб қўймайдими? Талабанинг 50%лик мукофотни олиш илинжи турли қинғирлик ва адолатсизликларга замин яратмайдими? Бу тизим талабаларнинг ректор, проректор ва декан жанобларига лаганбардорлигини келтириб чиқармайдими?
Мухтасар айтганда, олий таълим тизими мутасаддилари соҳада бир талай муаммолар борлигини, мамлакатимиз Президенти ва халқимизнинг ишончини оқлай олмаётганликларини тўлиқ англаб етишлари лозим. “Тошбақа юриш”, муаммолардан кўз юмиш, “кўзи кўр, қулоғи кар” бўлиб юриш билан иш битмайди. Айниқса, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги палласига кираётган ҳозирги ўта муҳим бир пайтда мутасадди раҳбарлар ўз зиммаларида янада катта масъулият турганини чуқур ҳис этмоқлари лозим.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси
LiveБарчаси