Андижондаги фожиа: Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Йўлдошев ва Бобожоновга мурожаат йўллади

Жамият

image

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Андижонда юз берган шафқатсизликка муносабат билдирди ва уни қоралаб чиқди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилгани ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқлангани, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 11 июнь куни вафот этгани билан боғлиқ ҳолатни қатъий қоралайди.

Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Масъул вазирлик ва ташкилотлардан келажакда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қиламиз.

Бу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилди.

Бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз”, дейилади марказ баёнотида.

Эслатиб штамиз, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турган. А.Абдукаримов соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этган.

Ҳолат бўйича дастлаб маълумот берган Бош прокуратура ИИБнинг уч нафар ходимига нисбатан айблов эълон қилингани, улар қамоққа олингани, ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирганди.

Ундан сўнг, ИИВнинг ўзи баёнот билан чиқди. Вазирлик берган маълумотга кўра, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усмановдан ташқари, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон қийноқ

Баҳолаганлар

411

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг