Ўзбекистон биринчи ярим йилликда 129 млрд сўмга вакцина сотиб олган

Жамият

image

Ўзбекистонда январь – июнь ойларида болаларни турли юқуқли касалликлардан эмлаш учун вакциналарга 129 млрд сўм сарфланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этган Давлат буджетининг 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан маърузасида айтилган. 

Қайд этилишича, 2020 йил биринчи ярим йиллигида соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 8 трлн 72 млрд сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга ўсган. Ушбу даврда соғлиқни сақлаш муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш харажатларига қарийб 1 трлн сўм молиялаштирилган. 

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш муассасаларини:

•    озиқ-овқат харажатларига 169,5 млрд сўм;

•    болаларни 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича вакцина харажатлари учун 129 млрд сўм маблағ ажратилган.

Бюджет параметрларида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича тасдиқланган Давлат дастурларида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 2020 йилда ажратилган 726 млрд сўм маблағларнинг 176,7 млрд сўми ёки 24,7 фоизи харажат қилинган.

Жумладан:

•    оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантириш давлат дастури бўйича талассимея касаллигига чалинган беморлар учун дори воситаларига 1,1 млрд сўм

•    қандли диабет билан касалланган беморлар учун аналогли инсулинлар ва одам инсулини марказлаштирилган тарзда таъминлаш учун 19,7 млрд сўм;

•    кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга дори воситалари учун 3,7 млрд сўм;

•    буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари учун 13,8 млрд сўм;

•    вакциналар сотиб олиш учун 129,2 млрд сўм;

•    тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари қўшилган қиймат солиғи учун 9,2 млрд сўм сарфланган. 

“Дастурлар учун ажратилган маблағларнинг асосий қисми сарфланмаганлигини бугунги кунда, бутун дунёда, қолаверса, юртимизда коронавирус пандемияси бўйича юзага келган эпидемиологик ҳолат сабабли барча кучлар эпидемияни олдини олишга қаратилгани билан изоҳлаш мумкин”, дейди вазир Ишметов.


Мақола муаллифи

Теглар

Тимур Ишметов вакцина

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг