49 йил ўтиб... – Гагариннинг тарихий парвози ҳақида айтилмаган гаплар

Бу қизиқ

image

Юрий Гагарин деганда инсон кўз олдида кулиб турган самимий инсон образи гавдаланади. Бундан роппа-роса 59 йил муқаддам одам боласи илк бор фазога кўтарилган эди. 1961 йилнинг 12 апрель куни содир бўлган ушбу тарихий воқеа гувоҳлари гарчи орамизда кам қолган бўлса-да, аммо бу ҳақда эшитмаган, ўқимаган одам бўлмаса керак.

Собиқ Иттифоқ қаҳрамони сифатида тан олинган фазогир ҳақида жуда кўп мақолалар ёзилган, ҳужжатли ва бадиий фильмлар ишланган. Турли йилларда Гагарин шахсиятига доим қизиқиш билдирилган. Унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида турли фикрлар ўртага ташланган. Улар қанчалик тўғри ёки афсонага йўғрилгани номаълум, аммо шундай бўлса-да, бу фактлар инсонларни оҳанрабодек ўзига тортади. Бугун айнан мана шулар ҳақида сўз юритамиз.

Юрий Алексеевич Гагарин 1934 йилнинг 9 март куни Собиқ Иттифоқнинг Ғарбий вилоятида, Клушинов қишлоғида таваллуд топган. 1968 йилнинг 27 март куни, 34 ёшида оламдан ўтган. Ундан икки нафар қиз фарзанд қолган – Галина Гагарина ва Елена Гагарина. Юрий Алексеевич ўз вақтида Собиқ Иттифоқ фазогири, қатор давлатларнинг энг юқори даражали мукофотлари соҳиби, кўплаб хорижий шаҳарларнинг фахрий фуқароси ҳисобланади. У Собиқ Иттифоқ Ҳарбий-ҳаво кучларининг полковниги, 1-даражали ҳарбий учувчи, Иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси, Комсомол Марказий қўмитасининг аъзоси, СССР Олий Кенгашининг 7 ва 8-чақириқлар депутати бўлган.

Гагарин фазога кўтарилган “Восток 1” космик кемаси тўлиқ автоматлаштирилган эди. Чунки Юрий уни ўзи мустақил бошқаришига ҳеч ким ишонмаган. Унга фақатгина фавқулодда ҳолатларда космик кемани қўлда бошқаришни фаоллаштириши мумкин бўлган махсус код берилган.

Ўша пайтда Собиқ Иттифоқ ахборот агентлиги илк парвоз ҳақидаги хабарнинг учта версиясини тайёрлаган. Биринчиси, агар миссия муваффақиятли якунланса, нашр қилиш учун; иккинчиси, агар кема ўрмонга ёки океанга тушиб қолса, ёрдам чақириш; учинчиси Гагариннинг фожиали ўлими ҳақида. Яхшиямки, фақат биринчи версия қўлланилган.

Учиш мактабида ўқиётганда Гагаринда самолётни қўндиришда муаммолар кузатила бошлайди. Бошқа фанлардаги яхши натижаларига қарамай, мактаб маъмурияти ҳатто уни ўқишдан четлаштирмоқчи ҳам бўлади. Аммо, кейинчалик, мактаб директори Гагариннинг бўйи (165 см) туфайли мазкур муаммолар келиб чиқаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди. Кейинги парвоз пайтида бўлажак фазогирнинг ўриндиғига қалин ёстиқ қўйилди ва у ҳеч қандай муаммосиз самолётни қўндиришга муваффақ бўлди.

Гагарин совет фазовий дастури учун танланган 20 нафар учувчидан бири эди. У номзодлар орасида жуда машҳур эди. Ким фазога учишга лойиқ деган аноним сўровнома ўтказилганида, уч кишидан бошқа барча Гагарин номзодини кўрсатган.

Юрий Гагарин парвоздан икки кун олдин хотинига ҳар эҳтимолга қарши видолашув мактубини ёзади. Хатни етказишларини сўрайди. Фазогир эсон-омон Ерга қайтганида ушбу мактуб барчанинг ҳаёлидан кўтарилиб кетади. Унинг рафиқаси Валентина Гагарина ушбу мактубни орадан етти йил ўтиб, эри авиаҳалокатда ҳалок бўлган 1968 йилдаги қўлига олади.

Фазогир бўлажак рафиқасини Оренбургдаги авиация мактабининг ўқувчилари билан бирга дискотекага борганида учратиб қолди. Кейинчалик у Валентинани севиб қолганлигини тан олди ва кўп ўтмай улар турмуш қуришди. Орадан йиллар ўтиб, икки нафар қизлик ҳам бўлишди.

Собиқ Иттифоқ қаҳрамонларидан бири бўлган Гагарин жуда диндор одам бўлганлиги ҳақида унинг дўстлари, ҳамкасблари кўп сўзлаб беришган.

Гагарин Буюк Британияга ташриф буюрганида қиролича Елизавета II билан учрашади. Шунда қиролича ундан бирга суратга тушишни сўраган. Кейинчалик Елизавета II бу ишини қуйидагича изоҳлади: “У ҳақиқатан ҳам ўзгача одам эди – фазодан келган одам”.

Аниқ маълумотларга кўра, Юрий Гагарин Ер сайёрасини айланиб чиқишга 1 соату 48 дақиқа вақт сарфлаган. Ўшанда унинг ёши 27 да эди.

У яна бир бор фазога чиқишни режалаштирган эди. Аммо 1968 йилда авиамашғулотлар вақтида ҳалокатга учрайди. Ўшанда у 34 ёшда бўлган.

Юрий Алексеевич Гагарин 1961 йилнинг кузида Тошкентга келади. XX асрнинг 60-йилларида Анҳор каналининг чап соҳилида фазогирга атаб хиёбон барпо этилади.

Ушбу фазогир ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Унинг фазога илк бор йўл олиши илм-фан оламида туб бурилиш ясади, янада янгидан янги ихтироларнинг дунё юзини кўришига сабаб бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Юрий Гагарин

Баҳолаганлар

666

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг