Нодира Қодирова ўлган хонада олинган видео тарқалди. Адвокат қизга тажовуз қилинганини айтмоқда
3-саҳифа
−
02 Октябрь 2020
129276Туркия пойтахти Анқара шаҳрида “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Буюк Миллат Мажлиси депутати Ширин Уналнинг уйида ўлган Нодира Қодирова иши давом этмоқда. Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, Қодирова ўлган хона суратлари тарқалди. Марҳумнинг оиласи ёллаган адвокат Илёс Доғанга кўра, “бу тасвирлар унинг бўғиб ўлдирилганини ўйлашга мажбур қилади”.
Қодирова иши “Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос йўқ” деган қарор билан ёпилган эди. Иш мамлакат Конституциявий судига оширилди. Бу орада интернетда воқеа содир бўлган куни полиция томонидан Нодира Қодирова вафот этган хонада олинган видео тарқалди.
Видеода Нодира Қодирова яшаган ва вафот этган хонанинг тартибсизлиги кишининг диққатини тортади. Унда стол, гулдон, лампа, қум ва бошқа ашёларнинг ерда сочилиб ётганини кўриш мумкин. Нодира Қодировага тегишли бўлган сумкалар ҳам ерда ётибди. Уларда қон излари кўзга ташланади.
Тасвирларда Ширин Уналнинг қизи Дуйгу Унал ҳам бор. У полиция ходимлари воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда ўша ерда бўлган.
“Хонада тажовузкор жанжал бўлган деб ўйлаяпман. Учта алоҳида жойларда қон излари бор. Улар орасида катта масофа мавжуд. Хонадаги гиламнинг учта жойида қон кўриниб турибди, шунингдек, ётоқдаги кўрпа устида ҳам қон излари бор. Бундан ташқари, полиция ходимлари воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда детутат Ширин Уналнинг қизи ҳам улар билан бирга бўлган. Бу қонунга мутлақо зид. Чунки, у ўлим вақтида ҳам уйда бўлган, шу боис полиция воқеа жойини кўздан кечираётган вақтда уларга ҳамроҳлик қила олмайди. Уни воқеа жойидан узоқ тутиш керак эди. Айниқса, Дуйгу Унал ёки бошқа бир кишининг воқеа жойига кириб, бу ерда бемалол ҳаракатланиши муҳим далил-исботнинг чалкашиб кетишига сабаб бўлади. Ушбу ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган одамларга воқеа жойини текшириш пайтида киришга рухсат берилмайди. Бу қонунчиликка зиддир”, дейди адвокат.
Адвокатнинг таъкидлашича, яна бир видеода полиция ходимларидан бирининг қўл телефонига қўнғироқ бўлади. Полициячи “Сиз билан алоқали ҳеч нарса йўқ”, дейди. Бу эса воқеа содир бўлган жойни тергов қилиш пайтида у яқиндан кузатилганлигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар меҳнат мигранти Нодира Қодирова собиқ ҳарбий хизматчи – генарал, Туркия Буюк Миллат Мажлисига “Адолат ва тараққиёт” партиясидан сайланган депутат Ширин Уналнинг уйида ўлик ҳолда топилди. Қодированинг сирли ўлим топганига 1 йил тўлди.
Жорий йилнинг май ойида Нодира Қодированинг адвокати ушбу ишни судга тортмаслик тўғрисидаги прокуратура томонидан қабул қилинган қарор устидан апелляция берди, аммо у рад этилди. Шундан кейин адвокат Дўған ҳужжатни Конституциявий судга топширган.
Унинг айтишича, ҳужжат ҳали ҳам Конституциявий суднинг дастлабки тергов босқичида ва у ҳамон қайтадан кўриб чиқиш босқичига ўтказилмаган.
LiveБарчаси