... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино”, Бастакорлар уюшмаси, консерватория, “Ўзбекконцерт” Муҳаммедова ва Омонуллаева масаласига панжа ортидан қараяпти...ми?


16:00, 10.07.2017 Шоу-бизнес
 16 998

Тегишли ташкилотлар мазкур масалага панжа ортидан қараб, қуруқ томошабин бўлиб туришда давом этмоқда. Гўё улар ижтимоий тармоқларни кузатмайди, ОАВда ёритилаётган ҳолат эса шунчаки шов-шув.

Сайтимиз орқали актриса Шаҳзода Муҳаммедова ва Дилором Омонуллаева ўртасида чиққан муаммо ҳақида батафсил маълумот бериб бормоқдамиз. Аслида бу машмашани Муҳаммедова ва Омонуллаева ўртасида чиқди, дейиш бироз муболағадек. Боиси Муҳаммедова ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Дилором Омонуллаевани ҳақоратлаб чиқди. Омонуллаева эса буларга нисбатан жавоб қайтармади, ҳақорат ҳам қилмади. Аксинча, оғир-босиқлик билан йўл тутиб, бу вазиятни ҳал этишни жамоатчиликка, зиёлиларга ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қўйиб берди.
 
Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларига кўра, шахсни ҳақоратлаш, унга туҳмат қилиб, эл орасида обрўсизлантириш, маънавий зарар етказиш тақиқланади. Қолаверса, Шаҳзода Муҳаммедова ўз ёзганларида Ўзбекистон давлат консерваторияси шаънига ҳам қатор ҳақоратларни келтирган. Қизиқ, нима учун бу вазиятга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ва Ўзбекистон давлат консерваторияси раҳбарияти панжа ортидан қараяпти? Ахир Шаҳзода Муҳаммедовадан кўра Дилором Омонуллаеванинг ўзбек санъатига қўшган ҳиссаси каттароқ эмасми? Бу ўринда биз Шаҳзода Муҳаммедовани қоралаш, уни айблаш ва камситиш фикридан йироқмиз. Аксинча, тегишли давлат ташкилотлари Шаҳзода Муҳаммедовани тўғри йўлга чақирса бўлмайдими, демоқчимиз.
 
Биз ушбу масалада юқоридаги номлари келтирилган ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо шу вақтга қадар ҳеч қандай айтарли жавоб олганимиз йўқ. Тегишли ташкилотлар мазкур масалага панжа ортидан қараб, қуруқ томошабин бўлиб туришда давом этмоқда. Гўё улар ижтимоий тармоқларни кузатмайди, ОАВда ёритилаётган воқеалар эса шунчаки шов-шув. Икки ижодкорни яраштириш, ёшларга катталарга ҳурматни ўргатиш, керак бўлса, назоратни кучайтириб, маданият вакиллари орасидаги бундай маданиятсизликларга барҳам бериш уларнинг вазифаси эмасдек.
 
Шаҳзода Муҳаммедова ўз ёзганларида адолатни талаб қиляпти, қонунни ўртага қўйяпти. Актрисанинг тўйларда бошловчилик қилиши кўпчиликка аён. У тўйларда бошловчилик қилаётгани тасвирланган суратларни ижтимоий тармоқларга бир неча маротаба жойлаштирган. Аммо шу вақтгача тўй ва тадбирларда фаолият олиб бораётган санъаткорларга лицензия олишни талаб қилган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Шаҳзода Муҳаммедовага келганда, тилини тийган, гўё уни назардан қочирган. Аслида тўй ва тадбирларда фаолият олиб бораётганларнинг “Ўзбекконцерт” давлат муассасидан концерт-томоша фаолиятини олиб бориши учун махсус гувоҳнома (лицензия)си бўлиши керак-ку. Бу қонун-қоида ҳам Муҳаммедовага келганда ўз кучини йўқотгандек. Хўш, адолатни талаб қилаётганлар аслида бошқаларга нисбатан ҳам адолатли бўлиши керак эмасми?
 
Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси ишлаётганини, бундай ташкилот мавжудлигини лоақал айни вазиятда кўрсатиб қўйса бўлмайдими? Дилором Омонуллаева таниқли, ўзбек эстрада санъатига жуда катта ҳисса қўшган бастакор. Наҳот, неча кундан буён бастакорлар уюшмасидагилар бўлаётган воқеалардан хабар топмаган бўлса? Наҳот, улар ташкилотга аъзо бастакорни ҳимоя қилишни ўз вазифалари деб билишмаса?
 
“Ўзбеккино” доимгидек четда. Бу ташкилотдагилар гўё актрисанинг хатти-ҳаракатларидан бехабар. Нима учун кино орқали танилиб, халққа юз тутганлар кун келиб, халқ олдига чиқиб истаган гапларини гапиришлари, хоҳлаган қилиқларини қилишлари мумкин. “Ўзбекконцерт” бундай ҳолатларга зудлик билан жавоб қайтариб, керакли чораларни кўради. Хўш, “Ўзбеккино”дагиларга нима тўсқинлик қиляпти? Ё Муҳаммедованинг ёзганлари кимларгадир мойдек ёқиб тушдими?
 
Ўзбекистон давлат консерваториясидаги машварат эса ҳамон давом этмоқда. Гўшакни кўтарган ректор ёрдамчиси маслаҳатлашувлар шанба кундан буён давом этаётганини айтди. Ҳануз натижа йўқ. Аслида улар консерватория биносида бўлган машмашага биринчилардан бўлиб ойдинлик киритишлари, тафсилотларни аниқлаштиришлари, ўқитувчига ва таълим даргоҳига бўлган ҳақоратга жавоб қайтаришлари керакмасми? Ҳолбуки, консерваторияда ким ўқишини ҳам, ким ҳайдалашини ҳам Омонуллаева ҳал этмайди, бунга ҳуқуқи ҳам йўқ. Муҳаммедованинг Омонуллаева пора олиши ҳақидаги шаъмалари эса нафақат ўқитувчининг, балки бутун консерваториянинг юзига тушган доғ эмасми?
 
Юқорида номлари келтирилган ташкилотларнинг фаолияти бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги гарданида туради. Аммо ташкилотда ҳамон сокинлик ҳукм сурмоқда. Ўтган ҳафтанинг шанба куни қатор маданият ва санъат соҳаси вакиллари иштирокида Маданият вазирлигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти Ойдин Абдуллаева сўзга чиқиб, мавжуд ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш кераклиги, ёш актрисанинг профессор Дилором Омонуллаевани ҳақорат қилишига жим қараб турмаслик бўйича ўз муносабатларини билдиришган. Ҳозирча улар ҳам натижани кутишмоқда.
 
Санъаткорларни тартибга чақириб, улар ўртасидаги ошкора жанжал, тортишув ва ҳурматсизликларни бартараф этиш кимнинг вазифаси ўзи? Вазият шу ҳолатда, қолаверса, эртага Муҳаммедованинг ўрнини бошқа  хонанда ёки актриса эгаллаши тайин. Бундан кейин санъаткорга, унинг кино ва спектаклдаги ролию айтаётган қўшиғига ким ишонади, ким уларни маданият вакили деб билади? Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари билан ўтказиладиган тадбирларда одоб-ахлоқ, Ватанга муҳаббат, ота-онага ва катталарга ҳурматдан сўз очадиган санъаткорларга ёш авлод ишонадими? Сўнги хулоса юқоридаги номлари келтирилган ташкилотлардан. 

Теглар:Маданият вазирлиги Ўзбеккино Бастакорлар уюшмаси консерватория Ўзбекконцерт Шаҳзода Муҳаммедова Дилором Омонуллаева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Доно
13:22 14.07.2017

Шахзоданинг бир айби у Дилорам Омонуллаева билан булган сухбатни ёки телефонга камерага ёки диктофонга ёзиб олмаганлиги !


Nozima
22:45 12.07.2017

Балки Шахзодани гапларида хам жон бордир. Ахир карс икки кулдан чикадику. Баъзи укитувчилар, домлалар шу кадар осмонга чикиб кетишадики, гуёки бир умр шу осмонда колаётгандай. Муомалани килиб яхши гапирганда балки бу кадар аламзадалик билан ёзмасмиди....


Нурали Қодиров
11:53 11.07.2017

Бошқалар "артистлар"га сабоқ бўлиши учун ҳам Ш.Муҳаммедовани жазолаш керак. Фикри бўлса ўзининг яқинларига айтсин. Ижтимоий тармоққа чиқиш бу жамоат жойида инсонни таҳқирлаш каби ҳолат бўлса керак, менимча. Ахир суд ҳукми чиқмагунча ҳар қандай ашаддий жиноятчини ҳам айблаб бўлмайди-ку!


Shukhrat Bobojon
23:24 10.07.2017

Бастакорни ҳақоратлаган "артист" жазолансин! Шоу бизнес дея ном олган территорияда урчиган савиясиз "артист"ларнинг оғзидан ҳақорат қусиши¸ алмойи-жалмойи гап айтишига эътибор бермай келардим. Аммо бу лепразория турғунларидан бири ҳаддидан ошиб ҳурматли бастакор¸ ўзбек мусиқий маданиятига меҳнати сингган Дилором опа Омонуллаева каби юрт ойдинини ошкора ҳақорат қилар экан¸ бу уятсизликка муносабат билдириш зарурлигини англадим. Ўзбек хонтахта киноларининг энг чучмал ижрочиларидан бири¸ ўзининг прокурор қизи эканлиги ва Ҳожи бувисидан дуо олганлигини доимий писанда қилиб келадиган ва аслида ҳеч ким Шаҳзода Муҳаммедова тармоқдаги саҳифаси орқали таниқли бастакорни "руҳий касал"."разил"¸ "манқурт" дея ҳақорат қилди. Ўзбекистон ҳуқуқий давлат. Кимнинг қизи бўлишидан¸ акахони кимлигидан қатъий назар Шаҳзода Муҳаммедова жазоланиши керак. Бунинг ëнида у жамоатчилик тарафидан изза ҳам қилиниши керак. Бастакор Дилором Омонуллаевани ҳақорат қилган бу "артист"га Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ "Ўзбеккино"¸ "Ўзбекконцерт" ва яқинда тузилган Ëшлар Иттифоқи мулозимлари интизомий чора кўрсин. Дилором опани ҳурмат қилган барча (Кинорежиссер¸ рассом¸ шоир¸ бастакор¸ ҳонанда¸ журналист) бу сўконғичдан масофалансин. Уни яккалаб қўйишсин. Токи бу мамлакатда одоб¸ аҳлоқ ва фаросат буткул даф бўлмаганлигини бу ва бошқа тилига эрк берадиган шоу -бизнес мансублари тушуниб олсин. Шуҳрат Бобожон. Журналист ва рассом


ripmalaq
18:34 10.07.2017

Zur oborvosilar. Bu munozaralarni. Sizlarni doim ukib yuraman



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!