Табрикни унутган Ашраф Ғани Мирзиёевни қадрдон дўстим деб, унга раҳмат айтди

Олам

image

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қадрдон дўстим деб атаб, унга Афғонистон иқтисодиётини ривожлантиришда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. 

Жорий йилнинг 11 август куни Қобул шаҳридаги “Арг” саройида Афғонистондан Хитойга Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали биринчи контейнер поезди йўлга қўйилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Ҳукумат аъзолари, Парламентнинг иккала палатаси депутатлари, Афғонистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этган. 

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Афғонистон транспорт вазири Яма Яри мамлакатда транспорт коридорларини ривожлантириш ва афғон маҳсулотларини Хитойга экспорт қилиш режалари тўғрисида гапирган. У Ҳайратон портидан Хитойга 41 вагонли биринчи контейнер поездининг муваффақиятли юборилишини олқишлаган. Вазирнинг таъкидлашича, темир йўл транспортининг йўлга қўйилиши Афғонистон экспортини бир неча маротаба кўпайтиради ва шу билан бирга товарларни ташиш ва етказиб бериш вақтини камайтиради. 

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўз нутқида иштирокчилар эътиборини Афғонистон ўзининг ноёб геграфик жойлашуви туфайли Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида боғловчи бўғин эканлигига қаратган. “Бугун Афғонистон учун тарихий кун, у экспортга йўналтирилган иқтисодиётни ривожлантириш йўлига ўтмоқда”,  дейди Афғонистон раҳбари. 

Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг минтақадаги юклар транзити, транспорт ва коммуникация йўналишларини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва Афғонистон юкларининг Хитойга транзит қилинишига кўмаклашгани учун республика раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирди: 

“Мен қадрдон дўстим Президент Шавкат Мирзиёевга Афғонистонни тиклаш ва ривожлантириш йўлида мамлакатимиз халқи ва Ҳукуматига кўрсатаётган ёрдам учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман”. 

Жорий йилнинг август ойи бошида Афғонистондаги қўпорувчилик ҳаракатларининг асосий режиссёри ва иштирокчиси бўлган “Толибон” ҳаракатининг Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги раҳбарлари делегацияси Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган эди. Самарқандда бўлган “Толибон”чилар зар тўн билан сийланди. 

Бу воқеадан кейин, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нисбатан баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилган эди: 

“Толибон” ҳаракати вакилларининг расмий қабули ва музокаралар динамикаси Ўзбекистон Республикаси Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ўртасида олиб борилаётган тинчлик музокараларида бирдамлигини кўрсатмайди.

Биз барча давлатларни, айниқса қўшниларимизни, тинчлик жараёнида Афғонистон Ислом Республикаси халқи, Ҳукумати ва раҳбариятини ҳурмат қилишга чақирамиз”. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни мамлакат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан табриклаган давлат раҳбарлари рўйхатида ҳам Муҳаммад Ашраф Ғанининг номи йўқ эди. Мирзиёевга табрикни Афғонистон Бош вазири Абдулла Абдулла йўллаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғани

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг