Фарзандларимиз денгизни кўрмай ўтиб кетади – Азиза Умарова МАКнинг пўстагини қоқди

Жамият

image

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси ўтган йиллар давомида қанча танқидларни эшитди. Қанча раҳбарларни қўлдан ўтказди: Валерий Ким, Улуғбек Рўзиқулов ва ниҳоят Бахтиёр Ҳакимов... Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Ёмғирда томидан сув ўтадиган янги терминал қурилди демаса... “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолётларида учганингизда бортдан тушиш олдидан янграйдиган бир жумла кишининг энсасини қотиради. “Бизнинг хизматларимиздан фойдаланганингиз учун раҳмат!”. Монополия қилиб, эгаллаб олганингиздан кейин яна кимнинг хизматидан фойданайлик? Бошқа танловга имкон борми? 

Шу кунларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га нисбатан танқидлар яна авжига чиққан. Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори, жамоатчиликка ижтимоий тармоқлардаги постлари билан яхши таниш бўлган тадбиркор Азиза Умарова ҳам Facebook’даги саҳифасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг пўстагини қоққан. “Монополия: Ва яна Ҳаво йўллари” номли пост қолдирган Умарова. Унда шундай дейилади:

“Таътилда дам олувчиларнинг асосий қисми Туркияга боради. Новокузнецкдаги оддий ишчидан тортиб, Чита—Чимкент—Черкасс йўналишидаги бизнес эгаларигача. Атайлаб пойтахт номлари ва эксклюзив ҳақида гапирмаяпман. Анталиядаги курортларнинг аксарият қисми фарзандларини олиб, ҳар йили бемалол дам олгани чиқиб кета оладиган оддий шаҳарлар аҳолиси билан тўла.

Бизда эса аксинча. Оддий одамлар таътилда хорижга уча олмайди, чунки монопол-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчи қўймайди. Бизда чартер рейслар, лоукостерлар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ. (Хоҳловчилар жуда кўп). Бунинг ўрнига ҳар ёз мавсумида мафтункор “Ҳаво йўллари”миз Анталияга амалда оширадиган стандарт рейсини “чартер” деб атаб, унга чипталарни Истанбулгача бўлган рейс қийматида сотади. Жойлар эса доим аниқ бир турфирма орқали брон қилинади. Таниш-а?

“Ҳаво йўллари”нинг “чартер”и бу — очиқчасига тафаккурни алмаштириш. Чимкент, Москва, Челябинскда “Ҳаво йўллари”нинг “чертер”и нархига (камида 650 АҚШ доллари) нафақат денгизгача чипта, балки бир ҳафтага “all inclusive” путёвкасини ҳам қўлга киритасиз. Чартер чипталари стандарт 150-220 доллар туради. Жуда арзон. Шу сабабли Туркияда дам олиш Россия, Қозоғистон, Украина аҳолиси учун энг оммабоп ва ҳамёнбоп дам олиш маскани, бизда эса – ҳамон ҳашамат. Ўзбек турфирмалари ўтган сафар ўзлари чартер рейсларни йўлга қўйишни таклиф этганди, бироқ улар қатъий рад жавобини олди. Фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учади.

Андижон, Бухоро, Нукус, Қўқонда яшайдиган болаларимизни Туркиянинг сийқаси чиққан 3 юлдузли меҳмонхонасига олиб бориш ушалмас орзулигича қолмоқда…

Аҳолининг 95 фоизи ҳаёти давомида денгизни кўрмай ўтади. Бунга кимдир ўз ҳамёни учун ишлашни тўхтатиб, соғлом рақобатга эга авиация бозорини қуриш қийинлик қилаётгани сабаб бўлмоқда”. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ҳаво йўллари Азиза Умарова

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг