Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси қачон чақирилади?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 28 февраль куни Тошкент шаҳрида чақирилади. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисида маълум қилинган. 

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларларнинг самарадорлигини таъминлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Шунингдек, сенаторлар айрим қонун ҳужжатларига ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши, айрим давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти, жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан, шунингдек жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқадилар.

Сенаторлар жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни солиққа тортишга доир қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ҳукумат аъзоларига парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн саккизинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Сенати Ялпи мажлис

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг