...
МЕНЮ
ONLINE TV

Лола Каримова бўшатиб берган лавозимга янги президент сайланди


18:38, 04.04.2018 Спорт
 17 239

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойбердиев бўшаб қолган лавозимга республикада хизмат кўрсатган спорт устози номзодини таклиф этди.

Бугун, 4 апрель куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон гимнастика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
 
Конференциядаги асосий масала Ўзбекистон гимнастика федерациясига янги президент сайлаш эди.
 
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси, МОҚ президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойбердиев бу лавозимга бунгача “Ёшлар иттифоқи спорт маркази” директори сифатида фаолият олиб борган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Абдуллаева Заррина Аъзамовна номзодини таклиф қилди.


 
Иштирокчилар ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашди ва Заррина Абдуллаева Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимига кўпчилик овоз билан сайланди.
 
Лавозимга янги сайланган Заррина Абдуллаева Ўзбекистонда гимнастикани ривожлантириш учун барча ишни амалга оширишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.
 
“Барчамизга яхши аён, гимнастика мамлакатимизда маълум даражада оммавийлашган. Аммо шунга қарамай айни пайтда муаммолар етарли. Бир қанча йўналишларда оқсаш кўзга ташланади.
 
Спорт гимнастикаси, трамплин ва акробатикада натижалар кўнгилдагидек эмас. Биргаликда янги тизимни йўлга қўйиб олишимиз керак. Малакали мутахассисларни жалб этиб, улар билан тажриба алмашишимиз лозим.
 
Жипслашган ҳолда ҳаракат қилиб, келажакда гимнастикани янада ривожлантирамиз, Ўзбекистоннинг дунё спорт ҳамжамиятидаги ўрнини янада юксалтирамиз”, деди Абдуллаева.
 
Шунингдек, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг биринчи вице-президенти сифатида ишлаб келган Руслан Мустаев ва федерация Бош котиби сифатида фаолият кўрсатган Гёзелла Филлипова истеъфога чиқди.
 
Эслатиб ўтамиз, бунгача гимнастика федерацияси президенти лавозимида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева фаолият олиб борарди.
 
Аммо у 13 йиллик фаолиятидан сўнг ушбу постни тарк этишга мажбур бўлаётганини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали эълон қилганди. Лола Каримова ушбу лавозимни тарк этишига ким ёки нима мажбур қилаётганини сир сақлаган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Лола Каримова гимнастика 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!