“Олдиндан мавжуд”. Адлия вазирлиги прокурор томонидан адвокат телефонининг “назорати” бўйича тушунтириш берди
Жамият
−
25 Март 2020
10634Хабарингиз бор, кеча, 24 март куни Олий Мажлис Сенати томонидан “Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ҳужжат билан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш маъқулланди. Ўзгартиришга кўра, прокурор санкцияси билан адвокатларнинг телефон сўзлашмаларини тинглаб туриш мумкинлиги белгиланган.
Ушбу масала ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу муносабат билан Адлия вазирлиги ўзининг тушунтиришини берди. Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу тартиб қонунчиликда аввалдан мавжуд.
“Ижтимоий тармоқларда Сенат томонидан маъқулланган адвокатларга оид қонун ҳужжатига киритилган таҳририй ўзгартириш нотўғри талқин қилинаётгани ва турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани кузатилмоқда. Ушбу вазият юзасидан қуйидагича изоҳ берилади.
Аввало ушбу тартиб энди жорий қилинмаётгани, балки 1998 йилдан бери амалда эканини эътиборга олиш лозим.
Қолаверса, ҳужжатга бор-йўғи таҳририй ўзгартириш киритилмоқда, тартиб ўзгармаяпти.
Ушбу ахборотни оммага тарқатаётган манбаларни моҳиятга мос келмайдиган чалғитувчи сарлавҳалар орқали омманинг ҳиссиётлари билан ўйнашмасликка чақирамиз”, дейилади расмий хабарда.
Вазирлик шунингдек, янада тушунарли бўлиши учун амалдаги таҳрир билан таклиф этилаётган таҳририни фарқига кўз югиртириш керак эканини айтмоқда.