Тошкентдан вилоятларга поезд қатнови тикланди

Жамият

image
“Ўзбекистон темир йўллари“ қайта тикланган қатнов вақтларини эълон қилди north_east

“Ўзбекистон темир йўллари“ қайта тикланган қатнов вақтларини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёэв раҳбарлигида жорий йилнинг 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиэна талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланган эди.

Шунга асосан Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқландиган эди. Унга кўра жорий йилнинг 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ҳамда Қарши шаҳарларига “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар ҳамда Фарғона водийсига тезюрар йўловчи поездлар қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.

Дастлабки “Афросиёб” поезди бугун, соат 07:00 да Тошкент-Марказий темир йўл вокзалидан Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналиши бўйича қатнови бошланди. Эътиборлиси поездлар қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши таъминланмоқда.

Поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Темир йўл вокзаллари ҳудудига кирганда барча йўловчиларга бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар берилмоқда ҳамда темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ва йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари таъминланмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги Марказий санитария эпидемиология станцияси мутахассислари томонидан вокзалга кираётган ҳар бир йўловчи қатъий равишда дезинфекция қилиниб, тепловизорларда ҳарорати ўлчанмоқда. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилди. Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилмоқда. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.

Темир йўл вокзалларининг йўловчилар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча ходимлари, давлат органлари ҳамда махсус хизмат ходимлари кундалик фаолияти давомида бир марталик 8 соатли ҳимоя ниқоби ва қўлқоплар, шунингдек юз ва кўз қисмини ҳимояловчи махсус шаффоф ниқоб, дезинфекция ва антисептик воситалар билан таъминланди.

Барча ходимларнинг кунлик иш фаолиятини бошлашидан олдин тана ҳарорати текширилмоқда. Шунингдек, ҳар икки ҳафтада коронавирус инфекциясига тест топшириб борилади. Темир йўл вокзалларининг биринчи ўтказиш пунктилари дезинфектор/тоннеллар билан жиҳозланган бўлиб, биринчи ўтказиш пунктиларида темир йўл ходимлари томонидан пирометр ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади.

Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор-тоннеллар ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда улардаги мавжуд ниқоб ва қўлқоплар махсус чиқинди қопларига солиниб, уларга янги бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар тақдим этилаяпти. Шундан сўнг вокзалга киришларига рухсат берилмоқда.

Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган йўловчилар соғлиқни сақлаш ходимлари назоратига топширилади. Соғлиқни сақлаш ходимларининг хулосасига кўра йўловчига темир йўл хизматларидан фойдаланишига рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули ўрнатилган тартибда қайтариб берилади.

Темир йўл вокзалларининг, иккинчи ўтказиш пунктида яъни кириш қисмида йўловчиларнинг тана ҳароратини ўлчовчи махсус ускуналар ўрнатилган. Барча йўловчилар темир йўл вокзаллари ҳудудига ҳамда темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилмоқда. Йўловчилар темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда (оралиқ масофа 2 метр) жойлаштирилади.

"Ўрнатилган вақтинчалик тартибдан кўзланган асосий мақсад, йўловчиларни, умуман аҳолимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш, шунингдек, пандемиянинг кенг тарқалишини олдини олишдан иборатдир", дейилади компания хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин темир йўл

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг