“Крокус” теракти: Россиядан мигрантлар қувиладими?

Таҳлил

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22 март куни Москва яқинида жойлашган Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар томонидан теракт уюштирилди. Ушбу воқеадан сўнг Россия терактга алоқадор бир неча шахсларни ушлаб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади. Ҳужум уюштиришда гумонланаётган шахслар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам бўлиб, улар Далержон Мирзоев, Шамсидин Фаридуни, Муҳаммадсобир Файзов ва Ражабализод Саидакрами исмли шахслар экани аниқланган.

Айнан шу воқеадан сўнг Россияда марказий осиёлик мигрантларга, айниқса, Тожикистон фуқароларига нисбатан нафрат ва тажовуз кўрсатиш кучайди. Жумладан, мамлакатда хавфсизлик кучлари томонидан “шарқона кўринишдаги” одамларни текшириш авж олиб кетди. Шунингдек, Россия шаҳарларида одамлар Тожикистондан келган ҳайдовчилар бошқарувидаги таксида юришдан бош тортмоқда.

Ижтимоий тармоқларда уларнинг ёзишмалари акс этган расмлар тарқалди.

“Салом, агар сиз тожик бўлсангиз, буюртмани бекор қилинг, мен сиз билан бормайман”, деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

Бундан ташқари, тармоқларда Россия мактабларида маҳаллий аҳолининг болалари Тожикистон фуқароларининг фарзандларини қийнаётгани, камситаётгани акс этган видеоларни ҳам кўрмоқдамиз.

Теракт уюштиришда айбланаётган 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов бир неча ой давомида Иваново вилояти Тейково шаҳридаги сартарошхоналардан бирида ишлаб келган. Бу воқеадан сўнг ушбу сартарошхона ходимларига оммавий таҳдидлар кела бошлаган. Ҳатто ходимларнинг уйларини ёқиб юборишмоқчи бўлишган.

It’s My City нашрининг ёзишича, Екатеринбургда патруллар “шарқона кўринишдаги” эркакларни тўхтата бошлаган ва савдо марказларидан бирининг маъмурияти ижарачилардан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистондан келган ходимлар ҳақида маълумот сўраган.

Баъзи иш берувчилар эса тожикистонлик ходимларидан ҳозирги шахсий маълумотларини тақдим этишларини сўраган. Тожик диаспораси раҳбарлари эса ўз ватандошларига кечки пайт уйларини тарк этмасликни тавсия қилмоқда.

24 март куни Россия Президенти Владимир Путин ва Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлди. Қайд этиш жоиз, ушбу суҳбат чоғида Раҳмон террорчиларнинг миллати, ватани, дини йўқлигини таъкидлаган.

25 март куни эса Душанбе шаҳрида ўтказилган Наврўз карнавалида рафиқаси, қизи ва ўғли билан иштирок этган Тожикистон Президенти “Крокус Сити Ҳолл”да юз берган фожиани эслаб ўтди. У бундай воқеалар содир бўлмаслигига ечим қилиб ота-оналарнинг фарзандларига яхши тарбия бериши кераклигини кўрсатган.

“Ушбу шармандали ва даҳшатли воқеа ҳар биримизни, айниқса, ота-оналарни фарзанд тарбиясига янада жиддийроқ эътибор қаратишимиз ҳақида яна бир бор огоҳлантирмоқда. Биз ўсмирлар ва ёшларни ана шундай бузғунчи ва ваҳимали гуруҳ ва ҳаракатлар таъсиридан асрашимиз, фарзандларимиз тожик миллати, суверен тожик давлати ва ўз ота-онаси номига путур етказишининг олдини олишимиз керак”, дейди Тожикистон Президенти.

Москвада юз берган теракт нафақат Тожикистон, балки бошқа Марказий Осиё давлатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Масалан, теракт ортидан Қозоғистон ва Қирғизистонда хавфсизлик йиғилиши ўтказилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларига зарурат бўлмаса, Россияга бормасликни тавсия этди.

“Айни пайтда Россияда терроризмга қарши кураш олиб борилмоқда. Мамлакатдан чиқиш ва киришда текширувлар кучайтирилди. Шу сабабли элчихона Россияга киришни олдиндан режалаштиришни ва зарурат бўлмаса, барча диаспоралар огоҳлантирганидай бормасликни тавсия қилади. Антитеррор чоралари қанча давом этиши ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Баъзи фуқаролар “қора рўйхат”да ёки улар ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, мамлакатга киритилмайди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, вазирлик Россия томони чегарани кесиб ўтишда текширувларни кучайтиргани, ҳозирда Москвадаги терактдан кейин мигрантлар яшайдиган ётоқхоналарда рейд бошланганини маълум қилган. Уларнинг яшаш жойлари тинтув қилиниб, қурол-яроғ бор-йўқлиги текширилмоқда.

Ҳа айтганча, Россияда марказий осиёлик мигрантларга нисбатан нафрат шунчалик кучайиб кетдики, Россия фуқаролари теракт давомида асли қирғизистонлик бўлган 15 ёшли Ислом Халиловнинг 100 дан ортиқ шахсларни қутқарганини, теракт содир этиш миллатга қарамаслиги уни руслар ҳам амалга ошириши мумкинлигини ўйлашмаяпти.

Ушбу теракт фонида Россия Давлат Думасининг депутати Михаил Шеремет уруш давомида Россияга мигрантларнинг киришини чеклашни таклиф қилди. 

Унинг фикрича, чегарани кесиб ўтган чет элликлар, биринчи навбатда, ўзлари учун хавф туғдиради, чунки улар автоматик равишда Ғарб разведка хизматларининг Россияда террорчилик ҳаракатлари учун шароит яратиш, шунингдек, вазиятни беқарорлаштириш воситаларини яратиш учун қизиқиш объектига айланади.

Депутат Россияга яхши ният билан саёҳат қилаётган бошқа давлатлар аҳолисини ҳурмат қилишини, аммо уларнинг баъзилари кўр-кўрона рус халқига зарар етказиш учун фойдаланилаётганини даъво қилган.

“Афсуски, бугунги кунда одамларнинг кириб келишида қандай ниятлар борлигини аниқлашга вақтимиз йўқ, чунки барча куч ва воситалар мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу боис, уруш вақтида мигрантлар Россияга боришларини истисно қилишлари керак, деб ҳисоблайман”, дейди депутат.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ҳар доим кўп миллатли бўлган ва шундай бўлиб қолади – бу мамлакатнинг кучи ва қудрати. Россиянинг душманлари айнан мамлакатнинг мана шу фазилатига зарба беришга интиляпти.

Қодиров ҳар қандай ҳолатда ҳам миллий ва диний сабабларга кўра, фуқаровий таъқибга йўл қўйилмаслигини, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бу тамойилга ҳушёрлик билан амал қилишини айтган.

“Аммо давлат миллий сиёсати ва миллий хавфсизликдан узоқда бўлган сохта ватанпарварлар одамларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашиб, фашистик усулларни қўллашга даъват қиляпти”, дея қўшимча қилган Рамзан Қодиров.

Бир нарсани унутмаслигимиз зарур, таҳдид ва тажовузга учраётган тожикистонликлар ўрнида ўзбекистонликлар, умуман олганда, барча қўшниларимиз бўлиши мумкин. Марказий Осиё мамлакатларининг асосий муаммоси бўлган мигрантлар масаласи ҳал этилмаса, мана шундай таҳдидлар кўпайса кўпаяди, аммо камаймайди. Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг