Отабек Умаров келажакдаги мақсадларини очиқлади

Спорт

image

Хабарингиз бор, эртага, 23 ноябрь куни пойтахт Тошкентдаги “Humo Arena” спорт мажмуасида илк бор ММA GFC-20 турнири бўлиб ўтади. Ушбу турнир олдидан бугун, 22 ноябрь куни “Ўзбекистон” анжуманлар саройида Матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси, Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров янги ташкил этилган ассоциациянинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди. 

“Мен аввало GFC компанияси фахрий Президенти Абдулманноп Нурмуҳамедов ва UFC бўйича жаҳон чемпиони, дўстим Ҳабиб Нурмуҳамедовга миннатдорчилик билдираман. Улар бизнинг таклифимизни қабул қилиб, GFC-20 турнирини Тошкентда ўтказилишига розилик билдиришди. 

Аралаш жанг санъатлари ассоциациясини ташкил этишимиздан асосий мақсадимиз – спорт орқали мамлакатимиз номини жаҳон ареналарига олиб чиқиш. Биласизки, юртимизда спортнинг бу турига қизиқувчи ёшлар, иқтидорли спортчилар талайгина. Улар мамлакатимиз байроғини янада баланд кўтаришига ишонаман.

Бу бошланиши. Ўзимизнинг спортчиларимизни дунёга олиб чиқиш учун хориждан тажрибали спортчилар ва мураббийларни таклиф қилиб, улар билан маслаҳатлашган ҳолда мамлакатимизда спортни ривожлантирамиз. 

Бу биринчиси. Келаси йилдан бошлаб ўзимизда йиғинларни ўтказиш ва ҳар бир вилоятда яхши спортчиларни етиштириб чиқариш, уларни жаҳон ареналарига олиб чиқишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, GFC’нинг бошқа мусобақаларини Тошкентда ва вилоятларимизда ўтказишга ҳаракат қиламиз”.

GFC-20 мусобақаси доирасида Россия (5 нафар), Ўзбекистон (7 нафар), шунингдек, Озарбайжон, Франция, Бразилия, Аргентина, Суринам, Тунис ва Украина давлатларининг спортчилари иштирокида 12 та жанг ташкил этилади. 

Кечанинг асосий баҳсида россиялик Умар Нурмуҳамедов ва аргентиналик Брайан Гонсалес енгил вазн тоифасида GFC чемпиони унвони учун кураш олиб боради. 


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Умаров Ҳабиб Нурмуҳамедов GFC-20 ММA

Баҳолаганлар

478

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг