... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Кўпхотинлилик ёхуд тўртта хотинга уйланган эркак жазоси


20:06, 16.03.2018 Жамият
 17 810

Шарқ фожиаси ҳам аслида шундан иборат.

Одамлар орасида билиб-билмай, шариатда кўпхотинликка рухсат берилганку, деган гаплар қулоққа тез-тез чалиниб туради. Бу бугун босар-тусарини билмай қолган, на шариат қоидалари ва на дунёвий қонунлар тартиб-тамойилларнинг маъносига етмаган, қўшхотинлик ҳавасида елиб-югурган баъзи бир эркакларнинг мустаҳкам қалқонига айланган, десак хато бўлмайди. Йўқса, улар муқаддас исломда ҳам, қонунларимизда ҳам оила мустаҳкамлиги эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг барча жиҳатлардан устун эканлигини англаган бўларди.
 
Тошкент шаҳрида яшовчи Умид Нуриддинов оилали эркак бўла туриб, бир эмас, бир неча аёлларни алдаб, шаърий никоҳга олиб яшаб юрган.
 
Тошкент шаҳар Сергели тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Баҳодир Олимжоновнинг сўзларига кўра, Умид Нуриддинов муқаддам судланган, тўрт марта уйланган ва турт хотинидан жами етти нафар фарзанди бор.


 
Ўтган йили автоҳалокатга учраганидан кейин Умид Нуриддинов жароҳати сабаб тўшакка ётиб қолади. Шундан кейин у тўртта хотинини чақириб, ўзига қарашини сўрайди. Аммо тўрт хотини ҳам унга қарамайди.
 
Шундан кейин у учинчи хотини Ҳусанова Малоҳатдан ўч олиш мақсадида шериги муқаддам судланган Мирсамадов Ойбек билан жиноий режа тузади.
 
Тергов бўлинмаси бошлиғининг сўзларига кўра, икки шерик Тошкент шаҳридаги Янгиобод бозоридан куйдирувчи кислота сотиб олади. Ҳусанова Малоҳат ва унинг опасига боғчадан болаларини олиб кетаётганида Мирсамадов Ойбек уларни кутиб туриб, етиб келгач юзларига кислотани сепади ва натижада, улар билан бирга ёш болалар ҳам куйиш жароҳатини олади.
 
Эксперт эса турли даражадаги куйиш ҳолатларини қайд қилиб хулосалар беради.
 
Умид Нуриддинов яшайдиган Яккасарой тумани Муқимий МФЙ раиси Асадулла Ниғматовнинг сўзлдарига кўра, бундай воқеа маҳалладаги биринчисидир. У бундан кейин бу каби ҳолатлар устида ишлаш кераклигини таъкидлади.
 
Маълум бўлишича, Умид Нуриддинов бир неча марта биринчи хотини билан жанжаллашиб, унинг уйига Ҳусанова Малоҳатни олиб келиб яшаган. У доимо хотинлари билан ижарада яшаган.
Шарқ фожиаси

Шарқ аёли бир қадар забун бўлган.  Ғарб аёли бир қадар эркин бўлган. Шарқ подшоҳининг ҳарами бўлган. Ҳарамда расман тан олинган канизаклар бўлган. Хоҳласа ўнта, хоҳласа қирқта…

Ғарб қиролининг ҳарами бўлмаган. Аммо унинг расман тан олинган жазманлари – фавориткалар бўлган. Хоҳласа ўнта, хоҳласа қирқта.

Шарқда тўрт никоҳга рухсат берилган. Ғарбда битта никоҳ тан олинган.

Шарқда тўрт хотиннинг ҳар бири ўз боласини тахтга даъвогар қилиб тарбиялаган. Ғарбда ўнлаб фавориткаларнинг биронтаси боласини тахтга даъвогар дейишга ҳаққи бўлмаган.

Шарқда не-не салтанатлар ўгай ака-укалар ўртасида хомталаш бўлиб, парчаланиб кетган. Ғаърбда бу муаммо бўлмаган…

Хулоса: Ғарб қироли бир қадар доно, аёллар эса бир қадар эркин ва… анчайин содда бўлган. Шарқ подшоҳи бир қадар содда, аёллар эса бир қадар забун ва … анчайин маккор бўлган!

Шарқнинг энг катта фожиаси-расман қонунлаштириб қўйилган кўп хотинлилик!
 Ўткир Ҳошимовнинг
"Дафтар ҳошиясидаги битиклар" асари

 
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида Умид Нуриддиновни 8 йилга, Мирсамадов Ойбекни эса 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилади.
 
Ўзбекистон Президентининг ўтган йилнинг 15 июнь куни “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда сўзлаган маърузасида қўшхотинлик ва уни бартараф этишга доир кўрсатмалар берган эди.
 
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев кўпхотинлик борасида қуйидагиларни таъкидлагани эди:
 
“Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчани ташвишга солиши керак.

Тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади.

Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди.

Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!,”
 
Албатта, оила жамиятнинг энг муҳим бўғинидир. Шу боис уни “қўшхотинлик” дея аталмиш салбий ҳолат туфайли пароканда қилмаслик керак. Ушбу Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунларида жазолар кўрсатилган.


 
Жумладан, Жиноят кодексининг “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар” деб номланган V бобида ҳам.
 
Кодекснинг 126-моддасида “Кўп хотинли бўлиш” жинояти ва айни қилмиш учун белгиланган жазо чоралари қайд этилган. Унга биноан, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Икром Раҳмон

Теглар:кўпхотинлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар