"UzAutoMotors”нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарори устидан шикояти бўйича суд бошланди

Жамият

image

Бугун, 2 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суди Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўрилмоқда.

Суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.

Шунингдек, аризачи – “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти вакили томонидан судга суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома киритди.

Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралганидан сўнг, суд ўз ўрнида ажрим қилиб, мазкур илтимоснома ишни кўриш жараёнида тарафлар томонидан давлат сири билан боғлиқ махфийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар суд муҳокамасида кўрилиши учун тақдим этилганидан сўнггина муҳокама қилиниши учун очиқ қолдирилди ва суд ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади.

Дастлаб сўз навбати “UzAutoMotors” АЖ вакилига тақдим этилиб, вакил ўз важида жавобгар - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўтказилган текшириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори нотўғри тадбиқ этилганлиги, “UzAutoMotors” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган товарларга нархлар шакллантирилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарори тадбиқ этилиши лозимлиги, жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг нархини келишиш жамиятнинг Кузатув кенгаши ваколатига кириши тўғрисидаги важлар билдириб ўтилди.

Шунингдек, аризачи вакили томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 18-банди талаблари бузилган ҳолда қарор қабул қилинганлиги, чунки Махсус комиссия йиғилишини ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлсада, “UzAutoMotors” АЖга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини билдирди.

Жавобгар вакили томонидан аризачининг важларига нисбатан фикр-мулоҳазалари тингланганидан сўнг, мазкур важларга нисбатан қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши тўғрисида фикр билдирилди ва суд муҳокамаси тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш ҳамда суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш учун киритилган илтимоснома юзасидан ҳужжатларни ўрганиш учун кейинга қолдирилди.

Кейинги суд мажлиси 2020 йил 9 октябрь куни соат 11:00 да ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAutoMotors

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг