Ўзбекистонликларнинг қарзга ботиб, чет элга ишлагани кетиши сабаблари айтилди

Жамият

image
Тўйларни ўтказишга оид Низом тасдиқланди. Янги қоидалар билан танишинг north_east

Тўйларни ўтказишга оид Низом тасдиқланди. Янги қоидалар билан танишинг

Ўзбекистонликларнинг кўп қисми дабдабали тўйлар ортидан қарзга ботяпти. Оқибатда бу қарзларни тўлай олмай, чет элга чиқиб кетишига, пул ишлаб келишига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорида рўй-рост айтилган. 

Унда шундай дейилади: 

Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай салбий иллатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек фуқаролар йиғинларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошларнинг танқидларидан, қоралашидан, умуман олганда, жамоатчилик босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.

Аксарият аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг онгида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда қиз томоннинг сарф-харажатлари қанчалик юқори бўлса, қайнона-келин муносабатлари шунчалик яхши бўлади, деган нотўғри тасаввур тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

“Чарлар”, “ақиқа маросими”, “мучал тўйи”, “қиз мажлис”, “куёв чақириқ”, ҳайитда “келин кўриш” каби маросимлар аҳоли томонидан ортиқча, деб баҳоланмоқда. Бироқ бундай маросимни ташкил этаётган шахсларда тадбирларни обрўлироқ жойда ўтказишга, ўзининг ютуқларини кўз-кўз қилишга, моддий мавқеи билан мақтанишга интилиш кучаймоқда.

Аксарият тўйхона эгалари ихчам ва камхарж ўтказиш ниятида бўлган фуқаролардан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда белгиланган қоидаларга зид равишда тўй харажатларини икки-уч баравар миқдорда асоссиз ундириб олмоқда.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар ҳаддан зиёд баланд нархларда хизмат кўрсатмоқда, ўз томоша хизматларини кўрсатиш давомида миллий менталитетимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизга мос келмайдиган, “оммавий маданият” иллатларини тарғиб қиладиган ҳамда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлар намойиш этилмоқда.

Юқоридаги салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг