Кичкина деманг бизни... Алиев АҚШга шарт қўйди

Олам

image

Вашингтоннинг Баку билан боғлиқ сўнгги баёнотлари ва қадамлари икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий путур етказмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбатда сўз очди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берган. 

“Телефон мулоқоти чоғида Президент Илҳом Алиев АҚШнинг Озарбайжонга нисбатан сўнгги баёнотлари ва қадамлари Озарбайжон-Америка муносабатларига жиддий зарар етказганини таъкидлади”, дейилади хабарда. 

Хусусан, Алиев 15 ноябрь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Ташқи алоқалар қўмитасида бўлиб ўтган тингловда Давлат котиби ёрдамчиси Жеймс О'Брайен томонидан билдирилган фикрлар нохолис бўлгани, ҳақиқатни акс эттирмагани ва Озарбайжон томонидан рад этилганини билдирган. У, шунингдек, Баку Америка томонининг икки томонлама учрашувлар ва юқори даражадаги алоқаларни бекор қилиш ҳақидаги баёнотига муносиб жавоб берганини ва икки томонлама муносабатлар аввалгидек бўлиши мумкин эмаслигини қайд этган. 

Озарбайжон Президенти Баку, ўз навбатида, АҚШга олий даражадаги ташрифларни бекор қилганини эслатган. 

Хабарда қайд этилишича, Блинкен муносабатларни нормаллаштириш учун АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Жеймс О'Брайеннинг декабрь ойида Озарбайжонга ташриф буюришига рухсат сўраган.  

“Президент Алиев ушбу ташрифдан сўнг, Озарбайжоннинг юқори мартабали амалдорларининг АҚШга ташрифига қўйилган асоссиз тақиқ бекор қилиниши шарти билан розилик берди. Давлат котиби Блинкен бу [шартни] қабул қилди”, дейилади хабарда. 

Алиев, шунингдек, жорий йилнинг 11 сентябрида Ереванга тақдим этилган икки давлат ўртасидаги тинчлик шартномаси матни бўйича Озарбайжон таклифларига Арманистон жавобини 70 кунга кечиктириб келаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу арман томони музокаралар жараёнини кечиктириш учун тинчлик шартномаси матнидан фойдаланаётганини кўрсатади.

Суҳбат чоғида Алиев ва Блинкен Озарбайжон ва Арманистон комиссияларининг 30 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган давлат чегараларини делимитация қилиш бўйича йиғилиши юзасидан ҳам фикр алмашган.

Озарбайжон-Америка муносабатларидаги кескинлик

15 ноябрь куни АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс О'Брайен Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитасининг тингловида Қўшма Штатлар Баку ва Ереван ўртасида тинчлик ўрнатишда муваффақиятга эришилмагани учун Озарбайжон вакилларининг бир қатор олий даражадаги ташрифларини бекор қилганини айтган. Шунингдек, у Қўшма Штатлар Озарбайжонга ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатишни тўхтатганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Бакуга Арманистон билан тинчлик музокараларида олдинга силжиш бўлмагунча икки томонлама муносабатлар нормаллашмаслигига ишора қилган.

Ўз навбатида, Баку АҚШнинг юқори мартабали амалдорларининг мамлакатга ташрифини Вашингтон позицияси туфайли имконсиз деб билишини билдирди. Бундан ташқари, Озарбайжон томони Вашингтонда Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари даражасида 20 ноябрга белгиланган учрашувда иштирок этишдан бош тортди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Озарбайжон-Арманистон Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг