Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори

Халқимиз азалдан ўлкамизни босқинчилардан ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва дахлсизлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келмоқда.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.

Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига давлатимиз томонидан мукофотлар топшириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш қутлуғ анъанага айланди. Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида:

1. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

2. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ишчи гуруҳ (А.Арипов):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминласин ва жойларда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига (кейинги ўринларда Байрам деб аталади) бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатсин;

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакилларини бириктириб, ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этсин;

ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;

Байрамга тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини ташкил қилсин;

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан кетиб ғалабага ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган ва уруш қаҳрамони бўлган фахрийлар номларини абадийлаштириш мақсадида ўзлари туғилиб ўсган кўчаларга уларнинг номларини бериш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторияларга бепул юборилишини ташкил этсин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техника намойишини ташкил этсин;

Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушига алоқадор архивдан олинган фото ва ҳужжатлар кўргазмасини ташкил этсин;

Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилишини, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда:

вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар;

Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этсинлар;

кўчалар ва майдонлар Байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилишини таъминласинлар.

5. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган Байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида
2019 йил 9 май соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминласинлар.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, ушбу қарор ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни кенг ёритиш, шунингдек, мавзуга оид телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар тайёрлаб эфирга узатиш, мақолалар эълон қилиш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 23 апрель


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг