...
МЕНЮ
ONLINE TV

Касб-ҳунар коллежларида ўқиш пуллик бўлгани ростми? Вазир ўринбосари ойдинлик киритди


15:50, 13.02.2018 Жамият
 4 983

Хўш, бу қандай амалга оширилади? Таълим шакли қандай бўлади? Кимлар ўқийди? Пул тўлаб ўқилганга яраша битирувчилар иш билан таъминланадими ёки диплом яна сандиққа ташланадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилиниши билан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда касб-ҳунар коллежларида ўқиш пулли бўлгани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалди.
 
Хўш, бу қандай амалга оширилади? Таълим шакли қандай бўлади? Кимлар ўқийди? Пул тўлаб ўқилганга яраша битирувчилар иш билан таъминланадими ёки диплом яна сандиққа ташланадими? Кўпчиликни ўйлантираётган шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Муродулло Холмуҳаммедов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
 
– Маълумки, шу пайтга қадар касб-ҳунар коллежларида барча касблар 3 йил мобайнида ўқитиб келинган. Эндиликда коллежлар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга бириктирилиши белгилаб қўйилди.
 
Ҳар бир тайёрлов йўналиши бўйича ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади, миллий квалификацион рамкалар белгиланади ва касбга оид стандартлар жорий этилади. Профессионал стандарт маъноси шуки, дейлик, битта иш ўрни ишчидан қандай малака ва кўникма талаб қилади, ушбу ҳолат ўрганилиб, шу асосда модулли ўқув режалари пайдо бўлади. Таълим жараёни эса доимий равишда такомиллаштириб борилади. Бундан мақсад – касб-ҳунар таълими тизимини иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айлантириш. Яъни юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади.
 
Айни пайтда коллежлар фақат 9-синф битирувчиларини қабул қилган бўлса, эндиликда бундай стандартлардан воз кечилмоқда. Мисол учун. Фуқаро ўз касбини ўзгартиришни ният қилди. Дейлик, у ўзи яшайдиган ҳудудда янги қурилган тўқимачилик фабрикасига ишга кириш учун касб-ҳунар ўрганмоқчи. Бироқ, бундай ниятда бўлганларга кескин "йўқ" жавоби берилган. Соғлиғи тўғри келмагани сабабли бошқа касбни эгалламоқчи бўлган фуқаролар ҳам худди шундай муаммога дуч келган.
 
Эндиликда эса коллежларда нафақат мактаб битирувчилари, бунга қадар ҳам ўрта махсус маълумот олган, олий маълумотга эга бўлган, ишсиз қолиш хавфи остида қолган ихтиёрий ёшдаги фуқаролар ҳам таҳсил олишлари мумкин бўлади.
 
Ҳозиргача коллежлар фақат кундузги таълим шаклига эга эди. Келгусида коллежларда кундузгидан ташқари сиртқи, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим йўналишлари йўлга қўйилади.
 
Шунингдек, ўқиш муддати 3 йил ва мажбурий бўлган бўлса, энди касбларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, 6 ойдан 2 йилгача муддатда ихтиёрий этиб белгиланди. Яъни эҳтиёж бўлдими, келиб ўқиш имконияти яратилди.
 
Юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 1 йилгача бўлган касбий таълим дастурлари буюртмачи иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Буюртмачиси бўлмаган шахслар ўзларининг шахсий жамғармалари ҳисобидан тўловни амалга ошириши мумкин. 1,5 – 2 йиллик мутахассисликни эгаллаш бўйича ўрта махсус ўрта бўғин таълим дастурлари олий таълимга муқобиллик асосида бир қисми грант, бир қисми контракт ҳисобидан амалга оширилади.
 
Иқтисодий жиҳатдан барқарор вазирлик, идора ва корпорациялар, йирик иш берувчилар ўз акциядорлари, ички имкониятлари доирасида ўқувчилар учун қўшимча стипендия ва шу каби қўллаб-қувватлашни амалга ошириши мумкин.
 
Фармонда кам таъминланган оилалардан ўқувчилар касб-ҳунар (кўп тармоқли) коллежларида, уларнинг идоравий мансублигидан қатъий назар, бепул асосда ўқитилиши белгиланган. Касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни, уларнинг эгаллаган касби бўйича, ҳудудларда камида уч йил ишлаб бериш учун ишга юбориш тартиби ўрнатилади.
Фирдавс БЕК

Теглар:коллеж контракт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар