Шакар, картошка, ўсимлик ёғи ва гўшт вақтинча ҚҚСдан озод қилинади

Жамият

image

Коронавирус пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Янги ўзгартишга асосан, 2020 йил 15 октябрдан бошлаб 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар ҳомашёсини олиб кириш, шунингдек, уни реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, 15 октябрдан 2021 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари ҳам ҚҚСдан озод этилади.

“Бу тартиблар четдан маҳсулот олиб кириш билан бирга ички бозорда шу билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз учун ҳам қўлланиши кўзда тутилмоқда. Шу сабабли қонун лойиҳаси матни кейинги ўқишларда таҳририй жиҳатдан ўзгартирилди.

Бу ўз ўрнида бозорларда ошиб бораётган ўсимлик ёғи, гўшт ва бошқа истеъмол маҳсулотларининг нархи пасайиб, барқарорлашига олиб келиши зарур”, деб ёзди Кушербоев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳани шу ҳафта сўнггида кутилаётган Сенат ялпи мажлисига киритиш режалаштирилган.

Қонун лойиҳаси депутатлар К.Эрназаров, М.Қурбонбоев ва А.Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС

Баҳолаганлар

369

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг