ССВ коронавирусдан ўлган бемор ҳақида ҳақиқатларни ошкор этди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган эркак вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус қурбони ҳақида қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, 39 ёшли эркак касалликни Франциядан Ўзбекистонга биринчи бўлиб касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олган. У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, ўзи врач бўла туриб, Ўзбекистонда олиб борилаётган шунча тарғибот ишларига қарамай, шифокорларга мурожаат этмай, уйида яширинча ўзича даволанишга урингани маълум бўлган.

У касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнггина 26 март куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган. 27 март куни эса Вирусология илмий текшириш институтига ўтказилган.

“Шу ўринда барчани ташвишга соладиган бир жиҳат бор: бу бемор уйида бўлган пайтда қанча одамлар у билан мулоқот қилган, мулоқотда бўлиб касалликни юқтириб олганлар ўз навбатида яна қанча инсонларга тарқатган. Наҳотки, киши ўз соғлиғи ва яқинлари хавфсизлиги учун шунчалик совуққон, бефарқ, худбин бўлса. Ахир бу ўз ота-онасига, фарзандлари, неваралари, қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, халқи, умуман Ватанига хиёнат эмасми? Нега ҳалигача одамларимиз бу касаллик қандай даҳшатли оқибатларга олиб келишини англаб етмаяптилар?!

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида барча ресурслар ишга солиниб, зарурий ва қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида энг аввало халқимиз, юртдошларимиз, ҳар бир фуқаромиз нобуд бўлишининг олдини олишдек муҳим мақсад ётганлигини бугун барчамиз қалбдан тушуниб, ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз ҳаётини ўйлаб иш тутмоғимиз керак эмасми?”, дея огоҳликка чақирган вазирлик.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 104 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

3131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг