Қозоғистондаги ЙТҲда жароҳатланган ўзбекларнинг аҳволи қандай? – ССВ расмий баёнот билан чиқди

Жамият

image

Хабарингиз бор, кеча, 20 апрель куни соат 05:09 да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманидаги “Чимкент- Олма-ота” трассасининг 181 километрида автобус иштирокида йўл- транспорт ҳодисаси рўй берди. Оқибатда автобусдаги 49 нафар йўловчидан 11 нафари ҳалок бўлди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларнинг 3 нафари ўзбекистонликлар. Қолаверса, автобусдаги 13 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатларини олган.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жабрланганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш ва юртимизга олиб келиш бўйича берган топшириғига кўра, хукумат комиссияси  тузилиб, махсус самолёт ажратилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланган ўзбекистонликлар ушбу бортда ватанга олиб келинди. Авиаборт билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Козим Маҳкамов бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи ҳам етиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқ сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Биз махсус авиаборт билан етиб борганимизда қозоғистонлик шифокорлар томонидан жароҳатланган ҳамюртларимизга тезкор биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган эди. Шифокорлар гуруҳи Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан жароҳатланганларни авиабортга чиқаргач, бортнинг ўзида улар саломатлиги қайта текширувдан ўтказилди. Керакли муолажалар зудлик билан бажарилди. Ўзбекистонда бизни махсус жиҳозланган “Тез тиббий ёрдам” автомашиналари кутиб олди ва беморлар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилди”, дейди Козим Маҳкамов. 

Жароҳатланганлар орасида қорақалпоғистонлик 34 ёшли Омирбек Хайтбаевнинг  жароҳати анча бўлган. Агар унга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳаёти хавф остида қолаётган эди. Шифокорларнинг шошилинч равишда  уринишлари натижасида Омирбек Ҳайтбаевда мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилган. Маълумотларга қараганда, ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Мамлакатга қайтарилган Ўзбекистон фуқароларига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида малакали тиббий-жарроҳлик муолажалари кўрсатилмоқда. Кеча, 20 апрель куни соат 12:00  гача уларнинг 2 нафарига мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилган бўлса, айни пайтда  яна 3 нафар бемор операция столига олинган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Жамбил

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг