Қашқадарёда эгизак фарзандларни дунёга келтирган 19 ёшли аёл вафот этди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги туғуруқхонада жарроҳлик амалиёти вақтида ҳомиладор аёл вафот этгани, шундан сўнг унинг яқинлари норози бўлиб, жанжал кўтаргани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, юқоридаги ҳолат вилоят перинатал марказида жорий йилнинг 12 август куни рўй берган. Марҳума Т.О. 2004 йилда туғилган. У Қарши туманида яшаган. 

“Т.О. ҳомиладорлик даврида яшаш ҳудудидаги оилавий шифокорлик пунктида “Эгизак ҳомила” ташхиси билан назоратга олинган. Зарур бўлган барча клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилган. Доимий равишда акушер-гинеколог ва оилавий шифокор назоратида бўлиб, уйда патронаж ўтказиб борилган”, дейилади хабарда.

Т.О. ҳомиладорлик давомида “Ҳомиланинг тушиш хавфи” бўйича вилоят перинатал марказида 2 марта стационар шароитда ётиб, (охирги марта июнь ойида) даволаниб чиққан. Шифокорлар хулосасига кўра, унда ҳомиладорлик ва туғишга қарши кўрсатма бўлмаган.

У вилоят перинатал маркази ҳомиладорлар патологияси бўлимига 2023 йил 31 июль куни соат 22:35 да “Ҳомиладорлик 35-ҳафта, эгизак ҳомила, эрта туғиш хавфи” ташхиси билан ётқизилган. Т.О. 4 августда тирик, жинси ўғил, вазни 2000 грамм бўлган биринчи чақалоғини ўзи табиий дунёга келтирган. Иккинчи чақалоқ она қорнида кўндаланг жойлашиб, туғруқ йўллари ёпилиб қолганлиги сабабли кесиш операцияси йўли билан олинган. Чақалоқ тирик, жинси ўғил, вазни эса 2800 граммни ташкил қилган.

“Операциядан кейинги даврда стандартлар асосида даволаш тадбирлари ўтказилган. 11 август куни санавиация хизмати орқали хирург шифокор чақиртирилиб, врачлар консилиуми ўтказилган ва “Кесар кесиш операциясидан кейинги 7-сутка, метроендометрит, перитонит, камқонлик ўрта оғир даражаси” ташхиси қўйилган. Чақиртирилган хирург шифокор ёрдамида соат 12:00да қайта операция-релапаротомия қилинган. Қайта операцияда-тотал гистеректомия, қорин бўшлиғи санацияси ва найлаш ўтказилган”, дейилади вилоят ССБ муносабатида.

Вилоят перинатал марказида жадал даволаш тадбирлари ўтказилиб борилган, лекин 12 август куни соат 19:00 да аёлнинг аҳволи тўсатдан оғирлашган. Т.О. да ўтказилган реанимацион даво тадбирларига қарамасдан унда 2023 йил 12 август куни 19:30 да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.

Т.О. га ўлимидан кейин “Релапаротомиядан кейинги ҳолат, эндотоксикоз, ўпка артерияси тромбоемболияси, камқонлик ўрта оғир даражаси, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигининг оғир даражаси” ташхиси қўйилган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган шаҳар 6-сонли туғруқ комплексида 26 ёшли аёлнинг эгизак қиз фарзандлари вафот этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё аёл эгизак туғуруқхона Операция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made