Қарға қарғанинг кўзини чўқийдими?

Таҳлил

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтган матбуот анжуманини “Қарға қарғанинг кўзини чўқийдими?" деб номлаган бўлардик. Анжуманда суд ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар, қилинган ишлар ҳақида маълумот берилди. Лекин улар орасида кўп муҳокама бўлгани бу – оқлов масаласи.

Олий суд раисининг ўринбосарлари 2023 йил давомида қанча иш кўрилгани, улардан қанчаси ўзгартирилгани, яна қанча фуқаро қамалиб, қанчаси суд залидан озод қилинганини айтди. Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икромжон Муслимов ўтган йилда қанча судланувчи оқланганига тўхталди.

"2023 йилнинг ўзида 1244 нафар шахс оқланди. Шу жумладан, 623 нафар совет ҳукумати даврида қатағонга учраган аждодларимизга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳам бор. Бундан ташқари, дастлабки тергов органи томонидан 6466 нафар шахсга нисбатан қўйилган ортиқча айбловлар судланувчиларнинг зиммасидан олинган ҳамда 9146 та шахсга нисбатан тергов органи томонидан эълон қилинган оғирроқ айбловлар енгилига қайта квалификация қилинган”, дейди Муслимов. 

Юқорида, бу матбуот анжуманини “қарға қарғани кўзини чўқийдими?" деб номласа бўлади, деб бекорга айтмагандик. Икромжон Муслимовнинг оқлов билан боғлиқ маълумотларидан кейин журналистларда саволлар кўпайди. Албатта бир йилда 1200 дан ортиқ оқлов ҳукми эълон қилинган бўлса, тўққиз мингдан ортиқ шахсга қўйилган оғир айблов енгилига алмаштирилиши ҳам шунчаки қилинган иш эмас. Энди савол туғилади: агар судьялар нотўғри ҳукм чиқарса улар жазоланадими?

“Суд қарорларининг бекор қилиниши кўплаб судьяларга интизомий жазо қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин. Агар у яна хатога йўл қўйадиган бўлса, эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиниши масаласи ҳам кўтарилади.

2021 йилда 800, 2022 йилда 1010 та, 2023 йилда 1244 та одам оқланган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, юқоридан “оқловларни камайтиринглар”, деган ҳеч қандай топшириқ бўлмаган”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.

Расмийларга кўра, дейлик бир судья кўрган иш устидан бошқа суд томонидан оқлов ҳукми эълон қилинса ҳам судья осонликча жавобгарликка тортилмайди. 

Муслимовнинг таъкидлашича оқлов ишида “суд хатоси” деган тушунча бор. Агар судья хато қилаётганини билиб туриб, қасддан адолатсиз ҳукм чиқарса жавобгарликка тортилиши мумкин. Судья бирор қонунни инобатга олмаган, далилга тўғри баҳо бермаган бўлса, юқорида айтилганидек интизомий жазо билан қутилади. Қолаверса, оқлов ҳукми эълон қилинаётган ишларнинг ҳаммаси ҳам суд терговига эмас, балки терговдаги хатоларга бориб тақалади.

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг хабар беришича, судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилган ишларнинг 58 фоизи прокуратура органлари, 34 фоизи ИИБ, 13 фоизи ДХХ томонидан тузилган жиноят ҳужжатларига тўғри келмоқда.

“Оқлов ҳукми чиқарилган ишларнинг ҳаммаси ҳам судлар билан боғлиқ эмас. 2023 йилда судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилган ишларнинг 58 фоизи прокуратура органлари, 34 фоизи ИИБ, 13 фоизи ДХХ томонидан тузилган жиноят ҳужжатларига тўғри келмоқда. Тергов органи агар асоссиз айбланган ва суд томонидан оқланган бўлса, суд томонидан фақат битта йўли бор: хусусий ажрим чиқариш, бунга муносабат билдириш тергов органининг раҳбариятига ҳавола қилинади. Ҳақиқатан ҳам айби йўқлигини билиб туриб, айблов ҳукми чиқарган бўлса, жиноий жавобгарлик мавжуд. Бугунги кунда ҳали унақа ҳолатга биз дуч келганимиз йўқ... Ҳа шунча оқловдан. Энди 5900 та оқловнинг 1400 таси қатағон қурбонлари, қолганлари эса бир пайтлар кўрилган ишлар – 2000-2005-2010 йилларда. Мен жиноят судлари ҳақида гапиряпман, судьялар ўзининг қабул қилган қарори учун нима десак бўлади, жон куйдирмайдиган вазиятга сал яқинлашиб қолдик. Шу сабабли ҳам суд қарорларининг бекор қилиниши, ўзгариши сал кўпайгани сезиляпти. Судья қабул қилган қарори ўзгарса ёки бекор бўладиган бўлса, у учун жуда катта сигнал бўлиши керак. Қонун ўзгаради, вазият ўзгариши мумкин. Лекин судьянинг қонунни билмаслиги оқибатида ёки нотўғри талқин қилиши оқибатида йўл қўйган хатосига муносабат билдириш керак. Мен ҳам бу фикрга қўшиламан.

2023 йилда прокуратура томонидан 218 та оқланган шахсга нисбатан протез келиб тушган. Ўшандан 59 таси рад қилинган, 56 таси қаноатлантирилган, яъни оқлов бекор бўлган, 3 та протест  эса прокурорлар қайтариб олган. Чунки улар тушунганки, оқлов тўғри бўлган, протези эса нотўғри бўлган. 32 таси эса бугунги кунда кўрилмоқда. 2023 йилда Олий суднинг ўзида прокурорлар томонидан оқловга нисбатан киритилган протезларнинг 109 таси рад қилинган”, дейди Муслимов.

Шунингдек, матбуот анжуманида Олий суд судьяси Ўткир Холов иштирок этиб, суд томонидан ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилганига тўхталди. 

“Ўтган давр давомида ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатлар ҳам бўлди. Шулардан Самарқанд вилоятида 219 та, Тошкент шаҳри 202 та ва Сурхондарё вилоят ва туман ҳокимларининг 139 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган”, дейди Олий суд судьяси Холов. 

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев эса судьялардаги юкламалар сони ортиб бораётганини яширмади.

“Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанцияда кўриладиган ишлар юкламаси бир ойда 276,9 тани ташкил (ҳал қилув қарори суд буйруқлари билан бирга) қилади. Республика бўйича энг кўп иш юкламаси Андижон туманлар судига келади. 424,2 тага. Энг ками эса Сўх туман судига бу кўрсатгич 99,5 фоизни ташкил этади”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг