Коронавирус спортга қандай зарба беряпти? 

Спорт

image

Хитойда пайдо бўлган COVID-19 вирусининг жўғрофияси тобора кенгайиб бормоқда. Европа мамлакатлари орасида Италия коронавируснинг ўчоғи, дея таърифланмоқда. 

Вируc Италияда қайд этилганидан буён,  қитъанинг 10 га яқин давлатига тарқалди. Бу ҳам етмагандек, Жазоир, Бразилия ва Грузия каби бошқа континентдаги мамлакатларга ҳам етиб борди. Вирус эпидемияси алалоқибат спортга ҳам таъсир кўрсата бошлади.

Хўш, коронавирус эпидемияси спортга қандай қилиб ўз таъсирини ўтказмоқда? Эпидемиядан асосан футбол ихлосмандлари азият чекяпти. Қуйида коронавирус сабаб қолдирилган футбол учрашувлари, ушбу вирусдан касалланган илк спортчи, шунингдек, коронавирус сабаб вафот этган футболчи ҳақида батафсил баён этилган.

Коронавирусни юқтириб олган футболчи ким?

Аввалига А серия тур учрашувлари номаълум муддатга қолдирилди. Орадан бироз вақт ўтгач, А серия тур учрашувлари мухлисларсиз ўтказиладиган бўлди. 

Италия С сериясида иштирок этувчи “Пьянезе” жамоаси футболчиси коронавирусга чалинди ва даволаниш учун шифокорлар назоратига олинди. 

“Пьянезе” клуби футболчиси спорт оламида коронавирусни юқтириб олган дастлабки спортчи бўлди. Футболчининг шахси маълум эмас, қолаверса, у қандай қилиб ушбу вирусни юқтириб олгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Коронавирус сабабли Италия А серияси навбатдаги туридан ўрин олган “Ювентус”-“Интер” жамоалари ўртасидаги учрашув мухлисларсиз ўтказиладиган бўлди.

“Ливерпуль”га мавсум оғир келадиёв...

Коронавирус сабаб “Ливерпуль” чемпионлик унвонидан қуруқ қолиши мумкин. Агар вируснинг тарқалиши туфайли мавсум қисқартириладиган бўлса, “Ливерпуль” ушбу мавсумда АПЛ бош совринини қўлга киритолмайди.

Касалликнинг тарқалиши Буюк Британияда икки ой давомида барча спорт турларини бекор қилиш эҳтимолини оширди. Бу чемпионатлар ўйинларининг бир қисми ўтказилмаслигига олиб келади.

Aгар Aнглия Премьер-лигаси мавсуми тўхтатилса, клубларнинг ҳозирги натижалари сақланиб қолиниши ёки бекор бўлиши борасида музокара олиб борилади.

Илҳам Шейхи вафот этди

Коронавирус Осиёда Хитойдан кейин Эронда катта тезлик билан тарқалмоқда. Ҳозирги кунга келиб ушбу давлатда 338 нафар эронлик коронавирусга чалинган. Вирус қурбонлари сони эса 34 нафарга етди. 

Коронавирус Эронда тезлик билан тарқалмоқда. Аёллар футзали бўйича Эрон миллий терма жамоаси аъзоси Илҳам Шейхи коронавирус юқтириб, шифохонага ётқизилганди. 10 кунлик тиббий муолажалардан сўнг, футзалчи қиз вафот этди.

Осиё Чемпионлар лигаси

Хабарингиз бор, Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси жорий йилнинг 3 март куни Осиё Чемпионлар лигаси 3-тур доирасида, сафарда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши баҳс олиб бориши керак эди. Лекин, коронавирус Саудия Арабистонига ҳам кириб боргани сабабли, ўйин номаълум муддатга қолдирилди.

Бундан ташқари, келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган Осиё чемпионлар лигаси учрашувлари коронавирус туфайли Осиё футбол конфедерацияси томонидан номаълум муддатга қолдирилди.

Саудия Арабистонида Ҳиндистондан келган ва шифохонада ишловчи ҳамширада коронавирус аниқланган. Ҳозирда унинг аҳволи яхшиланаётгани айтилмоқда. 

Маълумот ўрнида, айни вақтга қадар коронавирус билан хасталанганлар дунё бўйлаб 85212 нафарни ташкил этмоқда. Вирусни юқтириб олиш натижасида 2924 киши вафот этди. Яна 39503 киши эса коронавирус хасталигидан тўлиқ тузалган.

Жаҳонгир Сотволдиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг