Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ИИВдан ФВВга ўтди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари ҳамда Ёнғин хавфсизлиги институти Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди. Қолаверса, Мудофаа вазирлигининг Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқарув хизмати ҳам ФВВга ўтказилди. Гидрометеорология хизмати маркази эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 апрель куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш,  ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифатли янгича тизимини тадбиқ этиш тўғрисида”ги фармони  ҳамда “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган. 

Ушбу тузилмаларни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига берилиши муносабати билан, вазирлик зиммасига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қатор янги вазифалар юклатилди. 

Ёнғин хавфсизлиги қуйи тузилмалари базасида тегишли фавқулодда вазиятлар бўлимлари ва ёнғин-қутқарув тузилмалари ташкил этилиб, уларга ёнғинларни бартараф этиш билан бирга қутқарув ишларини амалга ошириш вазифалари ҳам юклатилди. 

Шунингдек, Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш Миллий маркази ҳамда ҳудудий тезкор бошқарув марказлари ташкил этилиб, уларга аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мониторинг ва прогнозлаш ваколатлари берилди. 

Нукус, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида йирик фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун мўлжалланган ҳудудий ёнғин-қутқарув отрядлари ташкил этилмоқда. 

Илмий ишларни ривожлантириш ва кадрларни тайёрлаш соҳасида ягона тизимни ташкил этиш мақсадида: 

Ёнғин хавфсизлиги институти унга кундузги ва сиртқи йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича вазифаларни юклаган ҳолда Академияга айлантирилмоқда? 

Фавқулодда вазиятлар муаммолари ва ёнғин хавфсизлиги илмий-тадқиқот институти, Ёнғин-қутқарувчиларнинг бошланғич тайёргарлиги ва малакасини ошириш маркази ҳамда олий ҳарбий-таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ёшларни тайёрлаш бўйича Ихтисослаштирилган лицей ташкил қилинмоқда. 

Бундан ташқари, ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари таркибида ҳаётий фаолият хавфсизлиги марказлари ташкил қилиниб, ушбу марказларда аҳолини турли хусусиятдаги фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, фуқаролар соғлиги ва ҳаётига хавф туғдирувчи омиллар бўйича уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларнинг ўтказилиши белгиланган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг