Парламент уйғон! Коронавирус “фонида” адвокатлар дахлсизлиги бузиляптими?

Таҳлил

image
Энди машиналар “техосмотр”дан ўтказилмагани учун жарима олинмайди north_east

Энди машиналар “техосмотр”дан ўтказилмагани учун жарима олинмайди

Жорий йилнинг 3 март куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Сенат аъзолари “Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.

Унда прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгиланганди. Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Бунгача ҳужжатни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам маъқуллашган. Аммо бу лойиҳа жамоатчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Келинглар воқеани таҳлил қилишни бир бошдан бошлаймиз.

Ўзи бу тартиб аввалдан бор эди, лекин...

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида шундай тартиб белгиланган. Унинг биринчи қисмида адвокатнинг шахси дахлсиз. Адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир, дейилган.

Адвокатга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида эса адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин, деб кўрсатилган.

Буни Адлия вазирлиги ҳам QALAMPIR.UZ сайтига берган жавобида  такрорлаган. Яъни бу тартиб аввалдан (1998 йилдан бери) борлиги, ҳужжатга бор-йўғи таҳририй ўзгартириш киритилаётганини айтди. 

Адвокатлар палатаси раиси “дод” демоқда

Олий Мажлис Сенати қонунни маъқуллаганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров адвокатлар номидан эътирозларни билдириб чиқди

Унда Сенат маъқуллаган ҳужжатдан норози экани, қонун ҳужжатларида, адвокатларга тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаси, Адвокатлар палатаси Раиси томонидан имзоланиши (розилик олиниши) белгилангани, бироқ масъуллар бу тартибга риоя қилмагани, юқоридаги қонун лойиҳасига имзо чекмаганини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 7-бандида адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Аммо ҳужжатни ишлаб чиққанлар адвокатларга дахлдор ҳужжатни улар билан келишмади.

Ўзи ҳужжатни ким ишлаб чиқди?

Мазкур қонун лойиҳаси қайси масъул ташкилот томонидан ишлаб чиқилган эди? Нега лойиҳа жамоатчилик муҳкамасига қўйилмади? Адлия вазирлиги лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказганми? Ўтказган бўлса, нега Адвокатлар палатаси розилиги йўқлигини ҳисобга олишмади? 

Биз бу саволлар билан Адлия вазирлиги матбуот хизматига боғландик. Улар мазкур қонун лойиҳаси Бош прокуратурага тегишли экани, экспертизадан ўтказишга масъул бўлган Адлия ходимлари топшириқ билан чиқиб кетганини айтди. Бош прокуратура матбуот хизматига қолган саволлар билан юзланганимизда “бу бўйича расмий баёнот берилади” мазмунидаги жавоб билан кифояланишди. Биз эса ҳали ҳам кутяпмиз.

Саволлар кўпаймоқда, биз эса кутяпмиз

Наҳотки, Адвокатлар палатаси розилиги олинмаганини Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари билмаган бўлса? Билган бўлса, нега Сенатга келиб маъқуллангунича индашмади? Бу билан бизнинг давлатда адвокатларга паст назар билан қаралади деган хулоса пайдо бўлиб қолмайдими? Қачон бизда Парламент “уйғонади”? Ва бундай тартибга амал қилинмаган лойиҳаларни эгаларига қайтариб юборади?

Ҳар бир ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳкамасига қўйилиши лозимлиги айтилмоқда. Адлия вазирлиги Матбуот хизмати мазкур лойиҳани Бош прокуратура ишлаб чиққанини урғулади. Бош прокуратура масъуллари лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўймадими? Лойиҳада яна нималар белгиланганди? Қўймаган бўлса, бундан мақсад нима эди? Коронавирус “фонида” ими-жимида иш битириш эмасми?

Бундан ташқари, бизга маълум бўлган аллақачон Парламент кўр-кўрона маъқуллаган қонун лойиҳасига ҳам бир қанча саволларимиз бор. Эндиликда прокурорнинг рухсати билан адвокатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам кузатилиши мумкинми? Нега бу қонунда аниқ кўрсатилмаган? Бу уларнинг тўғридан-тўғри дахлсизлигини бузиш бўлиб қолмайдими? 

Ўйлаймизки, юқорида номи тилга олинган ташкилотлар раҳбарлари бунга ўз изоҳларини беради ва жамоатчиликда мавжуд саволларга ўрин қолдирмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Адвокат Сенат Қонунчилик палатаси Парламент Олий Мажлис Коронавирус Алим Эрназаров

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг