Ўзбекистонда илк бор олтин ва кумуш биржа савдоларига чиқарилди
Жамият
−
26 Март 2019
8917Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида қимматбаҳо металлар бўйича илк битимлар имзоланди, дея хабар берди биржа матбуот хизмати.
2019 йил 18-20 март кунлари ўтказилган биржа савдолари давомида умумий қиймати 192,6 млн сўмга тенг 46,5 кг кумуш сотилган. Бунда кумушнинг ҳафталик биржа котировкаси 1 грамм учун 4 142,56 сўмни ташкил қилган. Савдоларда ишлаб чиқарувчилар, заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар иштирок этган.
Ҳозирда ички биржа бозорда қимматбаҳо металларни сотиш бўйича иккита шартнома очилган. Хусусан, биржа котировкалаш варағига кумуш қуймасининг 500 грамм лотлик Ag-1 маркаси ва олтин қуймасининг 100 грамм лотлик Au-1 маркаси учун шартномалар киритилган. Биржа савдоларига кумушнинг кунлик қўйилиш ҳажми 15,5 минг граммни, олтиннинг кунлик ҳажми – 2,6 минг граммни ташкил қилади.
Қимматбаҳо металларнинг бошланғич нархи Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг сўнгги тонгги фиксингига асосан Ўзбекистон миллий валютасида белгиланади. Харидорлар Ҳисоб-клиринг палатасидаги ўз ҳисоб рақамларига биржа битимининг мўлжалланаётган суммасининг 1 фоизи миқдоридаги закалатни ўз ичига олган авансни киритадилар.
Савдоларда иштирок этиш учун заргарлик ва бошқа буюмларни ишлаб чиқарувчилар биржага Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни тақдим этишлари керак.
LiveБарчаси