Чегарада тамагирлик қилиб келган жиноий гуруҳ аниқланди
Жамият
−
05 Август 2019
7185Бугун, 5 август куни Давлат божхона қўмитаси Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара-божхона постига туташ ҳудудда ўтказилган тезкор тадбир давомида жисмоний шахслар ва божхона ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди.
Жиноий гуруҳ аъзолари юк автотранспорт воситаларини мазкур пост орқали навбатсиз ва тезлаштирган ҳолда ўтказишни ваъда қилиб, автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва тадбиркорлардан тамагирлик йўли билан пора олиб келишган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси республикамиз чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва ташувчиларни пост орқали навбатсиз ва тезкорлик билан ўтказишни ваъда қилувчи фирибгарларнинг алдовларига ишонмасликларини сўраб қолади.
Жиноят ишининг тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот бериб борилади.
Маълумотларга кўра, жиноятчиларни қўлга олиш тезкор тадбирига Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимовнинг ўзи раҳбарлик қилган.
LiveБарчаси