Жеки Чан вирусга қарши дори топганга мўмайгина пул ваъда қилди
Олам
−
08 Февраль 2020
20149Машҳур актёр, каскадёр Жеки Чан кимки коронавирусга қарши дори ўйлаб топса, унга миллион юань (143 минг доллар атрофида) беришини маълум қилди. Бу ҳақда “Бизнес Online” хабар бермоқда.
Актёр бу ҳақда Weibo ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида маълум қилган.
“Бу нарса қўлимдан келар экан эпидемияга қарши курашишда ёрдам беравераман. Мамлакатда хаос бўлишини истамайман. Мен ҳамма нарсага тайёрман. Эпидемияни енгиб ўтиш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Ўйлашимча, худди мен сингари, барча шундай фикрда. Бемор ватандошлар ҳаётини сақлаб қолиш учун имкон қадар тезроқ махсус дори-дармонларни ишлаб чиқамиз, деган умиддаман”, дейди Чан.
У ҳозирда ниқоб ва ҳимоя кийимларини оммага тарқатиш билан бандлигини тан олди. Шу билан бирга Чан ушбу материалларни Хитойга етказиб берувчи янги ҳамкорларни қидирмоқда.
“Илтимос, мени тўғри тушунинг. Таклиф қилган суммам катта пул эмас. Лекин мен гуллаб-яшнаши лозим бўлган кўчалар ўрнига файзсиз ва кимсасиз кўчаларни кўришни истамайман. Мен Хитой фуқаролари қатъият билан олға юришларини истайман!”, деб таъкидлаган Жеки Чан.