Коррупция: ер майдони учун 32 минг доллар сўраган амалдор қўлга олинди
Жамият
−
08 Февраль 2020
15998Тошкент вилоят Зангиота туманида ер ажратиш ҳоким қарорини чиқартириб беришини айтган ва 32 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув Бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар бермоқда.
2020 йил 21 январь куни фуқаро И.Н. ариза билан Зангиота тумани “Ёшлик” МФЙ раиси деб таништирган “Маҳмуд” исмли шахс мазкур маҳалла ҳудудидан 16 сотих ер майдони учун туман ҳокимининг қарорини чиқартириб беришини айтаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат этган.
И.Н. бунинг эвазига Махмуд олдиндан 16.000 АҚШ доллари ва қарор чиққандан сўнг яна 16.000 АҚШ доллари, жами 32.000 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Зангиота тумани “Чиғатой оқтепа Агро” муқобил машина трактор парки раҳбари С.М. хизмат хонасида ариза муаллифи И.Н.дан 16.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан фуқаро С.М.га нисбатан Тошкент вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган.