Туркманистонда велосипедга аталган ёдгорлик ўрнатилди
Олам
−
03 Июнь 2020
6005Бугун, 3 июнь – бутунжаҳон велосипед куни муносабати билан Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида "Велосипед" ёдгорлиги очилди. Очилиш маросимида мамлакат Президент Гурбангули Бердимуҳамедов қатнашди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги маълум қилди.
Очилиш маросимидан сўнг велосипед кунига бағишланган қатор спорт тадбирларини бошлади. Маросимда ҳукумат аъзолари, миллий парламент депутатлари, Туркманистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, мамлакат вазирлик ва идоралари, турли муассасалар ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, университет ректорлари, талабалар, пойтахтнинг кўплаб аҳолиси қатнашди.
Ёдгорлик катта шар шаклидаги монумент кўринишида бўлиб, унинг атрофида велосипедчилар ҳайкали ўрнатилган. Шарда Туркманистон харитаси ва мамлакатдаги машҳур бинолар акс этган. Ёдгорликка "Туркманистон — Буюк Ипак йўли юраги" деб ёзиб қўйилган.
Гурбангули Бердимуҳамедов ўз нутқида экологик ва қизиқарли спорт тури бўлган велосипед спорти мамлакат аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим роль тутиши, шунга кўра мамлакатда велоспорт билан шуғулланувчилар сони ортиб бораётганини эътироф этган. Очилиш маросимидан кейин Президент велопойгани бошлаб бериб, велосипедчиларга бошчилик қилган. Велосипедчилар карвони Ашхобод шаҳри кўчалари бўйлаб 12 километрни босиб ўтишган.
Бундан ташқари, Туркманистон раҳбари Халқаро велоспорт иттифоқи (ХВИ) Президенти Давид Лаппартиен ва "ARETI" халқаро компаниялар гуруҳининг раҳбари, ХВИ бошқарув қўмитаси аъзоси Игор Макаров билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида Гурбангули Бердимуҳамедовга мамлакатда велоспортни оммалаштиришдаги хизматлари ва уни халқаро миқёсга олиб чиқишдаги хизматлари учун халқаро ташкилотнинг мукофоти топширилган.
LiveБарчаси