... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Жамила Шермуҳаммедова: “Фарзандини оила қуришга мажбурлаганларга қонуний чора кўриш вақти келмадимикин?”


13:55, 07.08.2016 Интервью
 6 784

“Ҳозирги қайноналар жуда-а-а замонавий, келинни заҳматга ташлаб, ўзи дўконда, “гап”да, спорт марказларида юради. Аввал оилангизни “қотириб” қўйинг. Ким қўйибди сизга дўкон кезишни?”, дейди профессор Жамила Шермуҳаммедова.

Оила – жамиятнинг бўғини, устуни. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас. Аксинча, оилага таъриф берилганда, юқоридаги сўзлар ҳам камлик қилгудек баъзан. Азал-азалдан шарқда, хусусан, ислом дини кенг ёйилган мамлакатларда оила жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи саналиб келинган. Қадриятлар, ўзига хос урф-одатлар эса оилалар мустаҳкамлигининг асосий пойдевори ҳисобланган. Бугун қайси маҳаллага бош суқманг, кимнингдир келини кўч-кўронани йиғиб кетиб қолганини ё бўлмаса қайсидир оила ажрашиш остонасида тургани устидан чиқасиз. “Тўқликка шўхлик!”, дейди бугунги суҳбатдошимиз Жамила Шермуҳаммедова. 
 
Статистик маълумотларга қараганда, сўнгги олти ой ичида Ўзбекистонда 14800 оила тақдирига дарз кетди. Айтишга осон, бироқ бу сонлар ортида қанчадан-қанча орзулар, пок ниятлар, ваъдалар турганини бир ўйлаб кўринг-а... Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маърифат кенгаши эксперти, тадқиқотчи, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова билан суҳбатимиз айнан оила ва ажримлар масаласида бўлди.
 
— Жамила опа, келинг, сўнгги ярим йилликдаги статистик маълумотларга тўхталсак. 2016 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 14800та оила ажрашди. Бугун ажримларга асосан нималар сабаб бўляпти?
— Оила – катта давлат! Баъзилар уни кичик давлат деб айтади. Йўқ, мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки эркак ва аёлдан бир фарзанд дунёга келдими, эртага у ҳам оила боши бўлади, у ҳам фарзанд кўради. Ўз-ўзидан насл давом этади. Бир нарсани алоҳида таъкидлашни хоҳлардим: XX асрдаги оила билан XXI аср оиласи буткул фарқ қиляпти. ХХ асрда тарозининг бир палласини, баъзан икки палласини ҳам, яъни асосий юкни эркак киши кўтарарди. Бозор иқтисодиёти даври аёлларга ҳам тарозининг икки палласини кўтаришга, эркак кишининг вазифаларини ҳам гарданига олишга шароит яратди.
 
— Бу фақат Ўзбекистонда кечаётган жараёнми?
— Йўқ! Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда шу ҳолат кузатиляпти. Оила ва ундаги турмуш тарзи, фарзандлар тарбияси, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар борасида 45 йилдан буён олиб бораётган тадқиқотларим натижаси шуни кўрсатяптики, сўнгги йилларда ажримларга оила қураётган йигит ва қизларнинг ёши жуда пасайиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Қизбола 17 ёшда турмушга чиқяптими ёки 22да, йигитлар 18-19 ёшида уйланяптими ёки 25-27 ёшида, бунинг аҳамияти жуда катта. Оиланинг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий бошқарув тизими мавжуд. Бу дегани оилада аёл ҳам, эркак ҳам олий маълумотли бўлиши шарт. Эркак ва аёл ишлаб, уйга даромад олиб келиши, қанча бўлишидан қатъи назар рўзғорга ўз ҳиссасини қўшиши шарт.
 
Аввал фарзандларимиз мактабни битириб, шаҳодатномасини қўлига олиб келса, пешонасидан ўпиб табриклардик. Бугун бунинг ўзи камлик қиляпти. Болаларимиз спортга боряпти, қўшимча тўгаракларга қатнашяпти. Ахир буларнинг ҳаммаси пул билан боғлиқ. Шу сабаб ҳам фарзандларимизни иқтисодий жиҳатдан профессионал, оила бюджетини бошқара оладиган қилиб тарбиялашимиз керак.
 
— Минг афсуски, кўп оилаларнинг бузилишига иқтисодий етишмовчилик сабаб бўлмоқда.
— Албатта! Чунки ХХ аср аёли 2-3 та кўйлакка қаноат қиларди. XXI аср аёлига эса бу камлик қиляпти. Бугунги ёшлар оила ёшига тайёр бўлмай туриб турмуш қуряпти. Бу эса оилалар бузилишининг энг асосий сабабларидан бири. Менимча, оила қуриш учун энг яхши давр – бу 21-22 ёш оралиғи.
 


— Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, йигитлар 18 ёшдан уйланиши, қизлар эса 17 ёшдан турмушга чиқиши мумкин. Демак, қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича жамоатчиликнинг таклифи керакдир...
— Албатта! 15 йилдан буён оила мавзусида академик лицей ва касб ҳунар коллежлари ўқувчилари билан семинар-тренинглар ўтказиб келамиз. Учрашувларда йигит ва қизларнинг кўпчилиги ёш оила қуришга қарши эканларини айтишади. Бироқ уларнинг кўплари ота-оналарнинг орзу-ҳаваслари қурбони бўляпти. Аслида фарзандини мажбурлаб уйлантираётган ёки мажбурлаб турмушга бераётган ота-оналарга қонуний жазо чораларини қўллаш керак. Мен юқорида бежиз иқтисодий омиллар оилага катта таъсир ўтказаётганини таъкидлаганим йўқ. Бугунги ёшлар иқтисодий ҳолат оиланинг қанчалик мустаҳкам бўлишини таъминлашини тушуниб етишган.
 
— Иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлиш, бахтли оила кафолати эмас. Минг афсуски, баъзилар иқтисодий жиҳатдан барқарор бўламан деб маънавий танг аҳволга келиб қоляпти. 18 ёки 19 ёшга етган йигит ота-онаси ёки ака-опалари билан тенг маош олса, уйланиши керакми?
— Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Шахсан мен оилада моддий бойликни биринчи ўринга қўймаганман. Агар инсон маънавий бой бўлса, моддийлик ўзи келади. Бир оилада миллионлаб пул топилсаю, икки ёш ўртасида меҳр-муҳаббат, самимийлик, ҳурмат бўлмаса, бари бефойда. Моддийлик оиладаги муносабатларга дахл қилмаслиги учун меҳнат ҳаётий эҳтиёжга айланмоғи керак. Аёл ҳам, эркак ҳам кўчага чиқиб пул топиб келиш осон эмаслигини билса, бир-бирини бошқача ҳурмат қилади. Айниқса, қизларимиз эрини ширин гап билан, бурнини жийирмай кутиб олади, тансиқ таом билан кўнглини олади, қаноат қилишни ўрганади, уволдан тийилиб, борини етказишга ҳаракат қилади. Аёллар ҳам ишласин, автобус, метро кутиб ишга бориб келиш осон эмаслигини билсин, ишхонада қанча-қанча одамлар билан юзма-юз келиб, асабийлашиб уйига келсин. Ўшанда эрига ҳам осонмаслигини тушунади. Нима учун Президентимиз 12 йиллик таълимни жорий этиш масаласини кўндаланг қўйдилар, нима учун ёшларни ҳунарли қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти? Буларнинг ортида йигит ва қизларни жамиятнинг бўғини бўлган оилага тайёрлаш, уларни ўзини-ўзи бошқара олишга ўргатишга қаратилган аниқ мақсад ётибди.
 
Интилган, ҳаракат қилган одамга эса ҳамиша иш топилган. Ўзимдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, турмуш қурганимдан кейин умр йўлдошим билан 16 йил ётоқхонада яшадик. На мебелимиз, на ётоғимиз бор эди. Фарзандларимиз ҳам ўша ерда туғилди. Бизда ҳам орзу-ҳаваслар, яхши ҳаётга интилиш бўлган. Бироқ бир-биримизни ярим йўлда ташлаб кетмадик. Ҳар қандай муаммони бирга ҳал қилдик, ҳаётнинг зарбаларига, турмушнинг муштларига бирга дош бердик. Чидадик, кам бўлмадик. Бугунги ёшларчи, йўқ, ҳозиргилар бошқача. Улар шкафни очганида саноқсиз кўйлаклар, остонада янги машина бўлиши керак. Икки қаватли сарой, ортида хизматкорлар... Истакларнинг охири йўқ. Буларга сабр, муҳаббат, итоат билан эришилганда, янада тотли бўлади.
 
— Бу ёшларга хос одат. Ҳамма нарсага бирдан эришишни исташади...
— Кўрмаганнинг кўргани қурсин! Бойликка, кийим-кечак, зарларга ўчликни на дунёвий илм ва на диний илм маъқуллайди. Буларнинг бари сароб бўлиб чиқишини билганда эса, ёшларимиз кеч бўлганини тушуниб етишяпти. Тайёр мебель, тайёр уй, гилам, қимматбаҳо либослар, телефон, машина... Билишмаяптики, шуларни бадастир қилиб бераман деган ота-она 50га ҳам бормаяпти. 70 уёқда турсин 60 ёшни ҳам ўйлаб кўради. Оиладаги ташвиш, фарзандларнинг мисилсиз талаблари ота-оналарни қон-томир, асаб, юрак касалликларига олиб келяпти. Йигитларимиз эса хотинларининг талабини қондириш учун ҳар хил йўлларга кириб кетяпти. Алкоголизмга чалинаётганлари бор, бориб-бориб гиёҳвандлик кўчасига кираётганлар ҳам учраяпти. Керак бўлса, ўғирлик ҳам қиляпти. Демак, оиланинг тинчлигини сақлашда аёлларнинг ўрни жуда катта. (!) Эркаклар ҳам аёлларнинг гапига итоат қилавермасдан, уларни сабр-қаноатли қилишга ўргатиши керак. Ширинсуҳанлик билан қалбига йўл топиши, оилани сақлаб қолиши шарт. Афсуски, бугун баъзи эркакларимиз қизларимиздан қаноатсиз бўлиб кетяпти. Топиб олинган гап битта: Ажрашаман! (Жаҳли чиқиб) Ажрашиб қаерга борасан, ажрашар экансан нега уйландинг?
 
— Кўп ҳолларда ота-оналар ҳам ажримларга сабабчи бўлиб қолишяпти. Фарзандимнинг бахтини ўйлаяпман дейишадию, уларни ўз қўллари билан бахтсизлик томон етаклаётганларини ўйлаб ҳам кўришмайди.
— Тўппа-тўғри! Бугун ўзбек оилаларида ташқи муҳитнинг аралашуви жуда юқори даражада. Ота-она етмагандек, бобо-буви, амма-хола, амаки-тоға, қўйингки, келиннинг дугонасидан тортиб, куёвнинг дўстларигача ҳамма аралашади. “Икки ёшнинг ўзига қўйиб берайлик, яшайдиган булар-ку, ахир”, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Оила икки индивиднинг муносабати, деган тушунча қаерда қолди? Турмуш қурилиши ҳам, ажрими ҳам бошқаларнинг қўлида. Гўё, куёв ва келин бир қўғирчоқдек.
 
Келинг, ажримларнинг сабабларига фактлар билан тўхталсак. Биринчидан: икки ёшнинг оила қуриши ота-оналарнинг аралашуви, уларнинг хоҳиши билан бўляпти. Йигит ва қиз ўз танлаганига  эмас, ота-оналари танлаганларга унаштириляпти. Иккинчидан: тўй ўтди ҳам дейлик, орадан икки ҳафта ҳам ўтмай янги оиланинг ишига аралашишади. Келининг хатти-ҳаракатлари обдон кузатилиб, танқид қилишга ўтилади. Келинлар эса сабрсиз. — Алло, ойижон... — Оналар ақлини йиғиб, қизига насиҳат қилиш ўрнига уни эрига, қайнота-қайнонасига қарши қайрайди.
 
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатяптики, бугун қурилаётган оилаларнинг бор-йўғи 20 фоизигина севги-муҳаббат билан қуриляпти. Қолганлари қандай ҳолатдалиги ўзингизга яхши аён. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, лекин қилаётган яхшилиги ҳам мол-давлат билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Мен ҳар қандай учрашувга борсам, ота-оналарга берадиган саволим битта: Аёл ва эркак бир оила бўлганидан кейин, бир ёстиққа бош қўяди. Бадан-баданга муҳаббат билан тегиши керакми ё илон билан чаёндек муносабатда бўлиши керакми? Афсуски, ҳозиргилар илон билан чаёнга ўхшаб қоляпти.
 


— Ёш оилаларнинг ҳаётига аралашув фақатгина йигитларнинг ота-онаси томонидан эмас, балки қиз тарафдан ҳам бўляпти, менимча.
— Гапингиз тўғри. Азал-азалдан қизи борнинг нози, қадри, ғурури бўлиб келган. Лекин ҳозир баъзи ота-оналар йигитларникига совчи бўлиб бораётган ҳолатларни ҳам кўряпмиз. Куёвлар ҳам авлиё эмас. Бугун ота-онаси топган қизга қийналмасдан уйланади, лекин бир ой ўтар-ўтмас кўчадаги қизлар билан SMS ёзиша бошлайди. Келин эса бундан хабар топгач, ота-онасига қўнғироқ қилади. Оиладаги жанжаллар шундай нарсалар ортидан келиб чиқяпти. Қанча-қанча оилаларда куёвлар, келинлар ҳиёнат сабаб ўз жонига қасд қиляпти. Бу ҳам бўлса, тарбиянинг нотўғри олиб борилганидан. Ота-оналар қизларнинг сепига, мебель, тоғораю, либосларга зеб бергунча қўлига китоб тутқазсин...
 
— Қачонки, келинлар сепига китоб қўйиш ҳақида гап очилса, бундан одамларнинг энсаси қотади, баландпарвоз гапдек туюлади.
— Мени маъзур тутинг, лекин ит ҳам туғади. (!) Инсонни ҳайвондан фарқлаб турадиган жиҳати унинг онгги, маънавияти бўлмаса, уни қандай қилиб инсон дейиш мумкин?
 
— Демак, аввал катталарнинг ўзини тарбиялаш керак.
— Албатта! Оилани тузиб, охир-оқибат уни жарликка етаклаётганлар ҳам катталар бўляпти. Ўша қайнота ва қайноналар уйига келган янги келинчакка ўз фарзандидек муносабатда бўлиб, яхшисини ошириб, ёмонини яширса, олам гулистон. Йўқ, баъзилар “Ўв овқатинг тайёрми? Куни билан нима қилдинг? Онанг Тошкент мебелини олиб келган”, деб келинларга кун бермайди. Қанийди, шу матоҳлар оилаларни сақлаб қололса... Болаларнинг ногирон бўлиб туғилаётгани, келинчаклар бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлаётгани, ҳомиласи нобуд бўлаётгани бежиз эмас, аслида...
 
— Келинидан воз кечмагани учун ўғли билан алоқаларини узаётган ота-оналар ҳам бор...
— Мен бундайларни умуман ёқламайман. Қанча-қанча оилалар қабулимга келишади, кўплари ярашиб, уйларига қайтишган. Уларнинг кўзларидаги нур, соғинчни кўра туриб, қандай қилиб зулм ўтказиш мумкин? Ҳозирги қайноналар жуда-а-а замонавий, келинни заҳматга ташлаб, ўзи дўконда, “гап”да, спорт марказларида юради. Аввал оилангизни “қотириб” қўйинг. Ким қўйибди сизга дўкон кезишни? Оилангизнинг тинчлигини сақланг,  сўнг келинни ёнингизга олиб дўкон кезинг. Уни ҳам онаси фақат зулм учун туғмаган.
 
Шу ўринда қайноталарга ҳам айтадиган гапим бор: Бир вақтлар сўнгги сўзни қайноталар айтишарди, оиладаги можароларга нуқта қўйиб, келинни қиз ўрнида қўришар, бошини силашарди. Бугунги баъзи қайнонаталар қайноналардан ўтаман дейди. Ишдан ё чойхонадан келганида, хотини келинини тинмай ёмонласа, ҳамма гапга чиппа-чин ишониб, ўғлини изза қилади. “Сен кимга уйландинг ўзи, хотинингни жиловини тортолмайсанми?”, деб ўғилнинг нафратини оширишади. Қизиқ, эркакларимизнинг бир сўзлиги, чўрткесарлиги қаерда қоляпти?

— Ажрашган келин ва куёв қайта оила қуриш жараёнида аввалгисига қараганда жуда тезлашиб кетган. Йиртиққа ямоқ бўлиб, ким янги хуштор излайди, ким овунчоқ... Бу ҳақиқат, буларни ҳам айтиш вақти келмадикин?
— Шу саволингиз айни муддао бўлди. Яқиндагина бир ҳодиса рўй берди. Йигит ажралиб улгурмасдан, расмиятчиликни писанд қилмай таниш домласига никоҳ ўқитиб уйланган. Бу қонунга зид. Бундан хабар топган собиқ келинчак эса тўйхонага келиб жанжал қилган. Чунки ҳуқуқий жиҳатдан унинг ҳаққи бор.
 
Баъзи ажрашган келинларимиз ҳам бировларнинг гулдек оиласига завол етишига сабабчи бўлиб, ўша оиланинг тинчини бузишяпти. Қувончли ҳаётига раҳна солиб, бировнинг эрини тортиб олиб яшаётганлари ҳам йўқ эмас. Улар қонун олдида жавоб бериши аниқ.
 
— Уй дафтарига келинларнинг номини қайд этиш, доимий рўйхатга қўйиш масаласи жуда кўп оилаларда муаммоларни келтириб чиқаряпти. Шу жараённинг кузатувчиси сифатида бундан сизнинг хабарингиз бўлиши тайин. Келинларни 5 йилгача доимий рўйхатга олмаслик “мода”га айланиб қолгандек.
— Сиз айтаётган масалани бундан 20 йил аввал кўтариб чиққан эдик. Куёв ва келин ФҲДЁ бўлимига ариза билан мурожаат этганда, аризага оила тузилгач, келинни куёв яшаётган манзилга доимий рўйхатга олиш мажбуриятини киритиш кераклигини айтилганди. Шу билан бирга никоҳ шартномасини тузиш ўртага ташланган эди. Чунки бу кун сайин долзарб бўлиб бораётган, жуда жиддий масала. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатяптики, никоҳ шартномаси бўлган оилалар орасида ажрашишлар жуда кам. Чунки эр-хотин тўйдан кейин харид қилинган ва эгалик қилиб келинаётган барча мол-мулкни иккига бўлишади. Кўпчилик эркаклар эса бунга рози бўлмайди, шу сабаб оилалар сақланиб қоляпти.
 
— Бугун бир оғриқли мавзуга ҳам тўхталишингизни истардим. Бутун дунёни ўйлантираётган масала борки, у ҳам бўлса анъанавий оиаларнинг йўқ бўлиб бораётгани ва бир жинсли никоҳнинг тобора оммалашаётгани.
— Мен дунёнинг 52 мамлакатида бўлдим. 45 йилдан буён оила мавзусида тадқиқотлар ўтказаман. Кўплаб миллатлар ва элатларнинг оилаларини ўргандим. Ҳеч шубҳасиз бир нарсани айта оламанки, ўзбек оилаларидек оилалар ҳеч қаерда йўқ. Чунки бизда илм, маънавият, андиша, инсоф, имон, эътиқод, диёнат, сабр, ҳавас, ишонч, меҳр, мурувват, ҳурмат бор. Асрлардан асрларга ўтиб келаётган қадриятлар бор.
 


Бир жинсли никоҳнинг кўпайиб бораётгани, умуман, бундай иллатларнинг таг илдизи илмсизликка бориб тақалади. Баччабозликни қонун даражасига олиб чиққан мамалакатларнинг келгуси тақдирини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Бу генетикага ўз таъсирини ўтказади. Бориб-бориб давлатнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлади. Ҳеч қайси дин бесоқолбозликни қўллаб-қувватламаган ва қўллаб-қувватламайди ҳам. Бу аҳлоқсизлик, бу бемаънилик, бу ҳайвонийлик. (!) Биз европа бунга қачон чек қўяркин, деб уларни кутиб ўтиришимиз керак эмас. Аксинча, ўзимиз бугунданоқ ҳаракатни бошлашимиз, тарбияни тўғри олиб боришимиз лозим.
 
— Ёшлар орасида кучайиб бораётган “яширин оила” тушунчасига қандай муносабатдасиз?
— Ота-оналар пул топиш, гап-гаштакка бориш билан оввора. Фарзандлар ўз ҳолича, кўчага чиққанидан кейин қаерга бораётганидан бехабармиз. “Гражданский брак”, яъни ўша “яширин оила” тузиш бу масъулиятсизлик, ҳеч қандай мажбуриятни гарданига олмаслик дегани. Минг афсуски, бундай ҳолатларга кўп дуч келяпмиз. Яширинча яшайди, фарзандли бўлади, орадан бир неча йил ўтгач, фарзандини ҳам тан олмай, ҳатто, фамилиясини ҳам бермайди. Буларнинг олдини олиш учун ота-оналар кўпроқ вақтини фарзанди билан ўтказсин, улар билан кўпроқ шуғуллансин. Ота-она ўзи бермаган меҳр, ўзи кўрсатмаган ҳурматни фарзандларидан талаб қилмасин. Нимани эксанг, шуни ўрасан, деб бекорга айтишмайди.
 
—2009 йилнинг 13 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1096 сонли қарори эълон қилинди. Давлат дастури ишлаб чиқилди. Мамлакатдаги бугунги жараён, репродуктив саломатликни сақлаш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар хусусидаги фикрингиз қандай?
— Ҳар бир оиланинг ўз режаси, ёзилмаган қонунлари бор. Бу режалар иқтисодий, маънавий тамойилларга асосланади. Репродуктив режа эса буларнинг устуни ҳисобланади. Агар репродуктив режа нотўғри тузилса, буларнинг барчаси барбод бўлади. Бу эса оилаларнинг ажримига сабаб бўлиши турган гап.
 
Она фарзандига сут бердими, демак, онанинг ўзи аввало соғлом бўлиши керак. Ҳозирги болалар 4-5 ёшда ҳам логопедга қатнаяпти, бизнинг болаларимиз 1,5 яшарлигида гапирарди. Чунки баъзи оналар на шифокорнинг ва на маҳалла маслаҳатчиларининг гапига қулоқ солмай 6-9 ой, жуда бўлмаганда 1 йил оралиқ билан фарзандли бўлишяпти.  Икки фарзанд орасидаги оралиқ 3 йил бўлиши керак, деган гапларни осмондан олиб айтаётганимиз йўқ. Бу фанда ўз исботини топган, ахир. Ёш оналар иммун ҳолати тикланмай туриб ҳомиладор бўлади, сўнг ўша фарзандини эмизади. Қарабсизки, норасида икки карра заҳарли гармон аралашган сутни эмади. Тўғри, аввалги оналар 10та фарзандни дунёга келтирган, лекин ҳозирги замон бундай шароитни буткул рад этяпти. Биз оилада 14та фарзанд эдик. Бир-биримизнинг кийимимизни кийиб катта бўлавердик. Йўқ, ҳозирги болалар ака-укаси кийган кийимни киймайди.
 
Фарзанд дунёга келтиргандан кейин унинг тарбияси, илм олиши, камол топиши, яхши оиланинг эгаси бўлиши кўп жиҳатдан бугун ташланган қадамга боғлиқ.



— Қариндошлик ўртасидаги никоҳ масаласичи...
— Бу ота-оналарнинг қанчалик маънавиятли эканини белгилайдиган ҳолат. Икки ака-ука ёки опа-сингилнинг фарзандлари бир-бирини етаклаб катта бўлади. 20 йил ўтиб улар эр-хотин бўлишни эса ақлга сиғдириб бўлмайди. Бу маънавиятсизлик, илмсизлик. Ўша қариндошидан қиз олаётган ёки қариндошига қиз бераётганлар мурувват уйларидаги болаларнинг ҳолини бориб кўрсин. У ердаги аксарият ногирон болалар қариндошлик ўртасидаги никоҳнинг қурбони бўлган. Жуда кўп мамлакатларда қариндошлар ўртасидаги никоҳ қонун йўли билан тақиқланган. Ўзбекистон қонунчилигига ҳам айнан шу бандни киритиш керак. Лекин яна бир нарсани унутмаслик лозим, ҳамма нарса инсоннинг ўзига, унинг маънавиятига боғлиқ. Билимли одам узоқни кўра билади. На дин ва на дунёвий илм қариндошлар ўртасидаги никоҳни оқлайди. Одам илмли бўлса, бундай хатоларга йўл қўймаслиги аниқ. Зеро, илм – бу қурол, илм – бу куч, илм – бу бахт, илм – бу оила саодати! 
Қамариддин Шайхов суҳбатлашди.
Суратлар муаллифи Бекзод Мирсодиқов (Aslzod).

Теглар:Жамила Шермуҳаммедова Оила Тўй Репродуктив саломатлик Соғлом она ва соғлом бола 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

qobil
09:21 20.08.2016

Professor Jamila Shermuhammedova haqida ma`lumot bersangiz.unung emailini beraolasizlarmi? maslahatlari kerak.


Дил
12:21 16.08.2016

Ассалому алайкум ! Жудаям тугри ва хаётий билдирган фикрларингиз.канийди хамма оналар шу фикрларни укиб узларига бир умрлик хулоса чикарсалар.факат келинни мол давлати куплиги ёки узини йигган мол мулкини йукотишдан куркавермасдан угил-кизларини бахтини хам уйласалар жуда яхши буларди. Мол-мулк давлат ортидан кувувчилар: бу йолгончи дунёда хеч ким абадий хаёт кечирмайди йиллаб йигган мол давлатингиз бир ондаёк сизни тарк этиши мумкин.топганингизни хам акл бн сарфланг.Зеро яратганнинг хузурига хамма гуноху-савоблари б.н борадилар мол давлвт б.н эмас.


Temur
10:11 09.08.2016

Assalomu alaykum hurmatli sayt ijodkorlari. Professor Jamila Shermuhammedova haqida ma`lumot bersangiz. Har 4 maqolaning biri aynan ushbu kishiga tegishli bo`lib qoldi. Biz muxlislar uchun bu o`ta muhim.


Badriddin
01:17 09.08.2016

Jamila opaning gaplari juda tòğri. Barcha fikrlariga qoshilaman. Juda dolzarb mavzu.


baxtiyor
16:06 08.08.2016

1. "Aholining 100 foizi OLIY MA'LUMOTLI bo'lishi kerak" ke4irasiz-u unda ketmonni kim 4opadi. 5 yil umri o'tgan, 5 yil davlatni million-million pulini havoga sovurgan oliy ma'lumotli "AHMOQ" oddiy ish qiladimi? 2. Hozir hamma baravar pul topyapdi! Lekin "HISOB" topayotganlar 20 foizni tashkil etmoqda. Yoshlarimiz uyida ota-onasining faqat "PUL" mojarosi yoki shu to'g'ridagi maslahatini ko'rib voyaga etmoqda. Bolaligidan faqat "PUL" to'g'risidagi xangoma bilan ulg'aygan boladan nima kutyapsiz? 3. Shaharda "PROPISKA"ga kirgan kelin qaynota va qaynonasining ne4a yillik mehnati hisobiga olingan uyning bir qismiga ega bo'ladi (3 oydan ortiq yashasa hisob)



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!