“Норбоева сабаб “қўрқинчли” фамилиялар билан танишдик” – ССП раиси

Жамият

image

“Бугун Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатга қарши амалга ошираётган ишлар учинчи босқич ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди. ХМТ билан ҳамкорликдаги биринчи босқични яхши эслайман. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир лавозимида эди. Бир йил ичида 2 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчисини пахта далаларидан олиб чиққандик. Қолган жараёнларни ўзингиз яхши эслайсиз”, дейди Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов.

Бугун, 5 февраль куни “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик. Унда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов ўтган давр мобайнида меҳнатни тартибга солишда Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар, мажбурий меҳнатга қарши курашган мустақил фуқаролик жамияти вакиллари ҳақида сўзлади.

“Сенат раиси Танзила Норбоева сабаб 2017 йилда биз учун “қўрқинчли” бўлган Шуҳрат Ганиев, Елена Урлаева (инсон ҳуқуқлари фаоллари) ва бошқа фамилиялар билан танишдик. Уларга ҳам Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши қилган хизматлари учун алоҳида раҳмат айтамиз. Ўтган йиллар давомида уларда ватанпарварлик ҳисси ортди”, дея тадбирда нутқ сўзлаган мустақил фуқаролик жамияти аъзоларига ўз ташаккурини билдира туриб.

Икрамов, шунингдек, Президентнинг Парламентга йўллаган мурожаатномасида айтилган кўрсатмалар бўйича, тадбиркорларга етарли шароитлар яратиш ва уларнинг фаолиятини олиб боришларига кўмак беришда Савдо-саноат палатасининг ўрни муҳимлиги ҳақида сўз юритди.

Ўтказилган тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрезер, Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Ҳайнц Коллер, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Стрипрайс, АҚШ Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм,  Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфелд, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливье Шав, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ва бошқа нуфузли меҳмонлар қатнашди.

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг ўтган даврдаги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига қарши курашиш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш ва Парламентнинг жамият олдидаги нуфузини оширишда қўшган ҳиссалари таҳсинга сазовор. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев янги Сенатнинг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳам айтган эди. Бугунги тадбир иштирокчилари ҳам буни бир неча бор такрорлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Адҳам Икрамов

Баҳолаганлар

278

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг