...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одами


21:07, 25.09.2018 Таҳлил
 8 468

Чиқиндилардан сизиб чиққан сув асфальтгача етган. Ердаги доғлардан кўриниб турибдики, бу ерга ҳар куни чиқинди ташланади.

Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият, 
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.
Алишер Навоий

Жорий йил ўрталарида Тошкентдаги Байналмилал кўчасига Сеул номи берилиб, ушбу ҳудудда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
 
Бешёғочдан то Оқтепагача бўлган йўлга асфальт қопланди. Йўл четида пиёдалар ва велосипед учун йўлаклар ҳозирланди. Корея кўчаларини эслатувчи ўриндиқлар, дўкон-шохобчалар ўрнатилди. Оқар сув атрофи тозаланиб, тўсиқлар қўйилди. Кўзни қувнатувчи чироқлар нур тарата бошлади.
 
Одамлар розилигини олиш, уларнинг кайфиятини кўтариш, шу атрофда ва шаҳарнинг турли қисмларида истиқомат қилаётганларнинг сайр қилиши, фарзандлари билан ҳордиқ чиқариши учун шароит яратилди. Бироқ, ҳақли савол туғилади: бу шароитдан шаҳарликлар қанчалик тўғри фойдаланяпти?
 
Кеча шу кўчага йўлим тушди. Кўчанинг гўзаллиги кўзни қамаштиради. Қани энди Тошкентдаги ҳамма кўча, маҳаллалар шундай чиройли кўринишда бўлса, саранжом сақланса, деган ўй ўтди ичимдан. Аммо бу ўйлар узоққа чўзилгани йўқ.
 
Пиёда тоза ҳаводан баҳра олиб келаётган кишининг таъбини йўл четида уйиб қўйилган чиқиндилар хира қилмай қолмайди. Бу чиқинди бошқа маҳалладан ёки нариги тумандан келмагани аниқ. Шу ерда яшайдиган аҳолининг уйидан чиққан. Улар ўзи олиб чиқиб ташлаган. Ярақлаб турган кўчага хунукдан хунук ҳол қўйган.
 
Бу ҳолни кўргач, шундай шароитларни яратиш учун тунларини бедор ўтказаётган юзлаб кишиларнинг меҳнатига ачинасан киши. Энг ёмони бундай аҳволга фақат бир кун эмас, ҳар куни дуч келишингизда.
 
Чиқиндилардан сизиб чиққан сув асфальтгача етган. Ердаги доғлардан кўриниб турибдики, бу ерга ҳар куни чиқинди ташланади.


 
Сеул кўчаси атрофида аҳоли зич жойлаган. Оқар сувнинг бир тарафида кўп қаватли уйлар, иккинчи тарафида ҳовлилар.  Чиқиндилар эса кўп қаватли уйлар тарафда тўпланиб турибди. Бундан чиқди бу ахлатлар ўша уйлардан чиққан ва бу уйларда яшайдиганлар виждонини ҳам чиқиндиларга қўшиб ташлаб юборганига шубҳамиз йўқ. Боиси одам қўллари билан яратилган бу гўзалликни топташ юраги бор, виждони пок одамларнинг қўлидан келмайди.
 
Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Нафақат вилоятлар, балки пойтахтнинг айрим туманларида ҳам “Махсустранс” фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган. Қорасаройдан ўтасизми ё Ҳастимомнинг атрофидан, ана шундай чиқиндилар уйимига дуч келасиз. Айниқса, эрта тонгда яхши кайфият билан ишга кетаётган маҳалингиз светофорда тўхтайсизу кеча тунда ташлаб кетилган чиқиндиларнинг бадбўй ҳиди келиб урилади думоғингизга. Хўш, бунга ким айбдор?
 
Тарозининг икки палласини тенг тутишга ҳаракат қилайлик. Чиқиндиларнинг йўл четига ташлаб кетилиши аҳоли виждонсизлиги белгисими ё уйдан чиққан ахлат учун пулини жарақ-жарақ санаб, ташиб кетишни тўғри ташкил қила олмаётган масъулларнингми?
 
Ҳокимлар, тегишли ташкилотлар шаҳар озодалигини сақлаш учун тиним билмаса, йўл солса, гул экса, обод қилсаю бир ой ўтар-ўтмас ўша кўча чиқиндихонага айлантирилса... Бунга ким жавоб беради? Биз жавоб кутамиз. Ҳар ҳолда бу бир виждон масаласи. 
Қамариддин Шайхов,
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари

Теглар:Сеул кўчаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!