Ер можароси сабаб навқирон йигит қўшнисининг қотилига айланди
Жамият
−
25 Июнь 2019
4717Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида ер можароси ортидан юз берган мудҳиш жиноят – қотиллик иши бўйича навқирон йигитга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди Матбуот хизмати хабар берди.
Бекмурод Сафаров (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан Камол Юсуповга қўни-қўшничилик ота-боболаридан мерос ўтган. Аммо икки ўртада келиб чиққан ер низоси беш йилдан буён икки оила аъзоларининг келишмовчилигига сабаб бўлиб келган.
Воқеага батафсилроқ тўхталамиз. Бекмурод ва унинг оила аъзолари фермер хўжалигига тегишли уйларининг орқа томонидаги 68 сотих ер майдонида 1997 йилдан буён деҳқончилик қилиб келган. Улар қўшниси Камол Юсупов янги фермер хўжалиги ташкил этгунига қадар ҳам иккита фермер хўжалиги раҳбари билан келишиб, ана шу ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланган.
Фермер хўжалигининг янги раиси Камол Юсупов ўтган йил кузда, аниқроғи, 30 ноябрь куни Бекмурод Сафаров фойдаланиб келаётган беда майдонини бузиш мақсадида трактор солади. Трактор овозини эшитган Бекмурод бедазорга чиқади. Камолга бедапоя яхши ҳосил бераётганини айтиб, бузмасликни сўрайди. Қандай экин экишни айтса, ер унинг номида бўлгани учун бажаришини, фермер хўжалиги учун ипак қурти ҳам парваришлаб беришга тайёр эканини айтади.
Камолдан эса, қўрс жавоб эшитади. У ер фермер хўжалигига тегишли эканини, бу майдонда қишлоқ хўжалик экинларидан ҳосил олиш ниятида эканини билдиради.
Кечки пайт уйда яна ер масаласи муҳокама қилинади. Шунда Бекмурод фарзандлари Шерали билан Фаррухга ерга трактор киритгани учун дашном беради. Кечки овқатдан кейин, Фарруҳ акаси Шерали кўчага чиқиб кетаётганига кўзи тушиб, унинг ортидан эргашади.
Қоронғуда Шерали қўшниси Камол билан гаплашиб турганди. Фаррух уйга қайтиб, ертўладан хўжалик болтасини олади ва яна кўчага чиқади.
Фаррух қоронғулик қаърида орқа томонидан пусиб бориб, Камол Юсуповнинг бошига болта билан уради. Камол ерга йиқилгач, ўзининг жиноий ҳаракатини тўхтатишга уринган акаси Шералини четга итариб юборади. Фаррух Юсуповни болтанинг сирти билан яна икки марта уради. Воеқадан қўни-қўни ва Камол Юсуповнинг қариндошлари хабар топади. Шерали укаси Фаррухни уйига олиб кетади.
Камол Юсупов дарҳол туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига олиб борилади. Унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олгани оқибатида ўша куниёқ шифохонада вафот этади.
Марҳумнинг яқинлари суддан жиноят иши бўйича ака-ука Сафаровларни бирдек жавобгарликка тортилишини сўраган. Аммо суд далиллар бунга йўл қўймагани учун бу талабларни рад қилган.
Суд судланувчи Фаррух Сафаровни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж”, “и” бандларида назарда тутилган жи¬ноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи Ф.Сафаровдан жабрланувчи Ф.Асатова фойдасига 10 миллион сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.
LiveБарчаси