Вазир ўринбосари ҳисоблагичлар атрофидаги гап-сўзларга жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев Тошкентда ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлари истеъмол қилинган электр энергияни бир неча баробар ошириб ҳисоблаётгани бўйича айбловларни инкор қилди ва вазиятни тушунтирди.

Шерзод Хўжаев сўзларига кўра, “ақилли” ҳисоблагичларга қўйиладиган талаблар бўйича бир йил давомида иш олиб борилган. Бунда тизимда мавжуд барча муаммолар инобатга олинган, жумладан, қиш ва ёз ўрталарида босимнинг тушиб кетиши, электр тармоқларининг қониқарсиз аҳволдалиги ҳамда минг афсус билан айтиш керакки, истеъмолчиларнинг ўғрилик қилишга уриниши. 

“Эски ҳисоблагичлар ўртача 30 йил ишлаганлигини ҳисобга олганда, ундаги механизмлар жуда эскиргани сабабли катта миқдорда электр энергияни ҳисобга олмаган. Индукцион электр энергия ҳисоблагичидан янги ҳисоблагичга ўтганда табиийки, электрнинг бутун ҳажми қайд этилмоқда. Эски ҳисоблагичлар бу ҳажмларни қайд этмаган”, деб тушунтирди Хўжаев.

Унинг таъкидлашича, аҳолидан келиб тушаётган шикоятларнинг аксарияти ҳисоблагич ўрнатувчиларга тааллуқли. “Ҳа, бу ҳисоблагичлар ҳамма ерда ҳам сифатли ҳамда уй эгалари иштирокида ўрнатилган эмас. Муайян муаммолар мавжуд, биз буни тан оламиз”, деди вазир ўринбосари.

Вазир ўринбосари истеъмолчиларнинг янги ҳисоблагичлар нотўғри ишлаши ҳақидаги гапларга ишонмаслигини билдирди.

“Биз ушбу истеъмолчиларга ҳурмат ва тушуниш билан қараймиз, аммо мен бунга ишонмайман”, дея қўшимча қилди Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир ҳисоблагич метрологик текширувдан ўтади. У аниқлик билан ишласагина, экспертизадан ўтган ҳисобланади, акс ҳолда носоз маҳсулотга чиқарилади.

Янги ҳисоблагичларни ўрнатиш электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини йўлга қўйиш доирасида амалга оширилмоқда, бу жараён 2021 йил 1 декабрдан кечиктирилмасдан бутун Ўзбекистон аҳолисини қамраб олиши керак. Тошкентда ҳисоблагичларни алмаштиришни йил охиригача якунлашга ваъда берилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

электр ҳисоблагич Жамшид Хўжаев

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг