Адлия вазирлиги абитуриентларнинг имтиҳонлар учун пул тўлашига қарши

Жамият

image

Адлия вазирлиги Давлат тест маркази томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бўйича ўз хулосаларини берди.

Адлия вазирлиги унда лойиҳа бўйича бир қатор таклифлар ва эътирозлар билдирган. Хусусан:

Биринчидан, дарсликлар масаласига аниқлик киритиш талаби қўйилди. “Лойиҳада 11 йиллик таълимни мактабда олган абитуриентлар учун 10 ва 11-синф дарсликлари, академик лицей битирувчилари учун – академик лицей дарсликлари асосида имтиҳон ўтказилишини ҳамда имтиҳонга тавсия этиладиган дарсликлар аниқ рўйхатини белгилашни (ҳар уч/тўрт йилда тасдиқланадиган асосий дарсликлар доирасида (алтернатив (муқобил) дарсликлар бундан мустасно) назарда тутувчи аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги топшириқ лойиҳада акс эттирилиши шарт” дейилади вазирлик хулосасида.

Шунингдек, ДТМга имтиҳонда бериладиган, мураккаб бўлмаган, содда кўринишдаги намунавий саволларни тузиш мезонларини ишлаб чиқиш талаби қўйилмоқда.

Иккинчидан, тест топшириш учун тўлов масаласи қайта кўриб чиқилиши керак. “2-банднинг иккинчи хатбошисида тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг бир бараварига тенг миқдорда йиғим ундирилиши қайд этилмоқда. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига кўра, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Билим олиш ҳуқуқи ҳар қандай шахснинг моддий ва жисмоний имкониятларидан қатьий назар, уларнинг таълим олиши учун бир хил имкониятни назарда тутади. Шу боис бир баравар миқдорда тўлов ундириш мақсадга мувофиқлигини мазкур норма асосида, шунингдек ушбу масала аҳоли ўртасида норозиликлар юзага келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ” дейилади вазирлик хулосасида.

Учинчидан, ДТМ ваколатлари кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ эмас. Яъни ушбу қарор лойиҳасидан кўзланган мақсадга. Адлия вазирлиги “лойиҳанинг тартибга солиш предмети бўлмаган 6-банд ортиқча сифатида чиқариб ташланиши лозим” деган хулосани берган. Ушбу бандда ДТМнинг ваколатларини кенгайтириш, хусусан, унинг директорини лавозимига кўра вазирга тенглаштириш, раҳбарга Давлат тест маркази тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Тўртинчидан, коррупцияга йўл очиши мумкин бўлган бўшлиқлар тўлдирилиши лозим. Коррупцияга қарши экспертиза хулосаларига кўра, лойиҳада 2 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш белгилангани ҳолда, мазкур сертификатни бериш тартиби ва унинг ҳуқуқий оқибати билан боғлиқ масалалар баён этилмаган. Амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормалар ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни пайдо қилади ва бу ўз навбатида коррупцияга йўл очади. Шу сабабли Адлия вазирлиги ушбу сертификатни бериш тартибини ишлаб чиқиш ва унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ баён этиш лозимлигини маълум қилмоқда.

Бешинчидан, жамоатчилик фикри эътиборга олиниши керак. Адлия вазирлиги regulation.gov.uz порталида фуқароларнинг ушбу лойиҳа бўйича билдирган таклиф ва мулоҳазаларини ҳар томонлама, синчковлик билан ўрганиб чиқишни таъкидлаган ва ўз хулосаларига ушбу фикр-мулоҳазалардан қўчирмаларни илова қилган.

Адлия вазирлигининг мазкур талаблари асосида ДТМ лойиҳани қайта кўриб чиқиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made