Илк бор озарча-ўзбекча, ўзбекча-озарча луғат нашр қилинди

Жамият

image

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият Маркази лойиҳаси асосида Ўзбекистонда биринчи марта озарча-ўзбекча, ўзбекча-озарча луғат нашр этилди.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда Озарбайжон ва Ўзбекистон Миллий илмий академияларининг Тилшунослик институтлари, ҳар икки мамлакатнинг ушбу соҳадаги олимлари фаол иштирок этишди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг бошқа лойиҳаларида бўлгани каби, ушбу луғатни чоп этишда Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ўз кўмагини кўрсатди.

Қайд этиш керакки, янги чоп этилган луғатда умуман олганда, 23 мингдан зиёд сўз ва иборалар ҳар икки тилда фойдаланиладиган алифбо тартибида жойлаштирилган, ҳарфлар транскрипцияси махсус жадвалда ўз аксини топган.

Лойиҳа раҳбари ва сўзбоши муаллифи Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият Маркази директори Самир Аббосов ҳисобланади, тузувчи муаллифлар – Низомий номидаги Тилшунослик институтининг “амалий лингвистика” бўлими мудири, “Халқаро Маҳмуд Қошғарий” мукофоти соҳиби, филология фанлари доктори, профессор Исмаил Маммедли, “Озарбайжоннинг яқин дўсти”, ўзбек адабиётшуноси, тилшуноси Бобохон Муҳаммад Шариф, филология фанлари доктори, профессор Алмаз Ульви Биннатова, шарқшунос – филолог Шоҳиста Камранли.

Луғатни чоп этишда бошқа бир қатор етакчи олимлар ҳам қатнашди. Таъкидлаш жоизки, луғат Низомий номидаги Озарбайжон Миллий илмий академиясининг Тилшунослик институти Олимлар кенгашининг жорий йилнинг 18 январидаги ҳамда Ўзбекистон Миллий илмий академиясининг адабиёт, тил ва фольклор институти Олимлар Кенгашининг жорий йилнинг 12 апрелдаги қарорларига кўра чоп этилди.

Қайд этиш жоизки, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг маданияти ва тарихи каби, бу икки халқнинг тиллари ҳам умумий илдизларга бориб тақалади. Тарихий тараққиётнинг турли йўлларидан ўтишганига қарамай, бу икки тилнинг асоси, илдизи - туркий тил. Сўзбошида қайд этилишича, озарбайжон ва ўзбек тиллари туркий тилларнинг ўғуз ва қарлуқ гуруҳларига мансуб бўлиб, янги умумистеъмолдаги луғатни чоп этишнинг асосий мақсади бу тиллар ўртасида кўприк яратишдан иборат.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият Марказининг маълумотига кўра, Озарбайжон ва Ўзбекистонда илмий жамоатчилик иштирокида озарча-ўзбекча, ўзбекча-озарча луғатнинг тақдимотини ўтказиш режалаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

луғат Озарбайжон-Ўзбекистон

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар