Азиз Абдуҳакимовга яна бир лавозим топшириляпти. Унга қатор ваколатлар ҳам берилди

Жамият

image
Президент Бўстонлиқ тумани тўғрисида алоҳида фармонни имзолади north_east

Президент Бўстонлиқ тумани тўғрисида алоҳида фармонни имзолади

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида белгиланди.

Шунингдек, Абдуҳакимов Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Дирекция директорига қуйидаги ваколатлар берилади:

•    хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари билан инвестиция, кредит, молиявий ёрдам ва грантлар жалб этиш бўйича келишувлар (меморандум, шартномалар) тузиш;

•    туманда жойлашган ер участкалари ва давлат мулки объектларини реализация қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

•    ҳудудда жойлашган давлат мулки объектларини гаровга қўйиш орқали кредитлар олиш ва жалб қилиш;

•    ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида нуфузли консалтинг компаниялари, ҳудудда барпо этилаётган йирик объектларни лойиҳалаш ва қурилиш ишларига нуфузли хорижий лойиҳа ва пудрат компаниялар ҳамда малакали экспертларни жалб қилиш;

•    экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида эркин туристик зона ҳудудида яшил зоналарни ташкил қилиш, айрим ҳудудларда эса табиатга зарар келтирадиган хўжалик фаолиятини, шу жумладан, чорвачилик, деҳқончилик, янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш тақиқланган зоналарни белгилаш;

•    аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган айрим давлат хизматларини аутсорсинг тизими асосида ташкил этиш;

•    аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объектлари бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектларни ишончли бошқарув шартномаси асосида бошқарув компанияларига бериш.

Аввалроқ, Бўстонлиқ туманида 2022 йил 31 декабргача маъмурий-бошқарувнинг алоҳида тартиби ўрнатилиши ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, туман ҳокими вилоят раҳбарига эмас, Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


Мақола муаллифи

Теглар

Бўстонлиқ тумани Азиз Абдуҳакимов

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг