Хайр, “қовун”ларга бой йил! Янги йил “муракабод” бўлсин!
Жамият
−
31 Декабрь 2019
106302020 йил кириб келишига ҳам саноқли соатлар қоляпти. QALAMPIR.UZ жамоаси сизларни ҳаётингизда очиладиган янги саҳифа билан “муракабод” этади.
Янги йилда дастурхонингиздан тўкинлик аримаслигини, 2,5 млн сўм ойлик билан беш эмас, олти фарзандли оилани ҳам тўла-тўкис таъминлай олишингизни тилаймиз. Янги ўн йиллик бошида миллий валюта сўмнинг қадри ошиб, инфляция Венесуэладаги даражага келмаслигига, “Сэм амаки”нинг 1 доллари 10 минг сўмга чиқмаслигига астойдил ишонамиз.
Асосийси, 2020 йилда ҳар қанча кўп электр ишлатсангиз ҳам уйингиздан ёруғлик аримасин, гўштни якунланаётган йилдагидек кўп-кўп истеъмол қилинг. Янги йилда ҳар қандай муаммоларингизни “шест секунд”да ҳал қилиб, ҳаётдан лаззатланиб яшанг.
Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан шаҳри азим Тошкентга келаётган ватандошларимиз “хавфсизлик учун” ўз ҳудудларидаги профилактика инспектори рўйхатига туриб, кейин пойтахтга келишингизда машаққатларга учраманг.
“Жиноятга мойил” бўлган маънавий кўмакка муҳтож, ажрим ёқасига келиб қолган, кам таъминланган, Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи, рўйхатсиз яшаётган, ногирон, ажрашган, боласини ёлғиз катта қилаётган, боқувчисини йўқотган аёллар, вояга етмаган, ишсиз хотин-қизлар янги йилда турли “списка”лардан ўчирилишига тилакдошмиз.
Ўзбекистондаги бозорларда меҳнат қилиб, оиласини боқаётган “бозорчи аёллар”ни маънавияти ва маърифатини юксалтириш истагидагиларга омад тилаймиз. Улар ўз мақсадларига эришишларида куч-қувват ва шижоатни аямасликларига ишончимиз комил, албатта. Унутманг, тирикчиликнинг айби йўқ, ахир айтишади-ку: “Любая бизнес хороша”.
Журналистлар ва блогерлар доимо қонун ҳимоясида бўлсин! Журналистларнинг ҳаммаси шахсий машинасига эга бўлиб, таксиларга иши тушмасин. Ҳокимлар уларни эмас, газ-свет муаммоларининг "жанозасини ўқисин".
Яна бир бор Янги йил билан қутлаймиз. Оилангиздан тинчлик ва тотувлик аримасин. Осмонимиз мусаффо бўлсин.